Оила — жамият таянчи, миллат келажаги
"Оила кичик ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади". Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан айтилган ушбу ҳаётий ва теран маъноли фикр бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини яққол ифода этади. Чунки жамият тараққиёти, миллат келажаги аввало оила мустаҳкамлиги ва ундаги маънавий муҳит билан бевосита боғлиқдир.
Халқаро оилалар куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар, айниқса “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросимлари ана шу эзгу ғояларнинг амалий ифодаси бўлди.
Сирдарё вилоятида ҳам мазкур сана катта тайёргарлик ва юқори кайфият билан нишонланди. Гулистон шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилган байрам тадбирига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туман ва шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, фаол хотин-қизлар, жамоатчи аёллар, давлат мукофотлари соҳиблари, нуроний онахонлар, ёш оилалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева сўзга чиқиб, мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда маҳаллабай ишлаш тизими такомиллаштирилиб, “маҳалла еттилиги” фаолияти кучайтирилди, оилалар муаммоларини манзилли ҳал этиш механизмлари йўлга қўйилди. Бу эса оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Ибратли оилаларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида таъсис этилган “Ибратли оила” кўкрак нишони бугун халқимиз ҳаётида муҳим маънавий қадриятга айланди.
Мазкур кўкрак нишони ҳаёт тарзи билан бошқаларга намуна бўлаётган, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаб келаётган, фарзандларини ҳалол, ватанпарвар ва билимли қилиб тарбиялаётган, оила муқаддаслигини улуғлаётган оилаларга топширилмоқда.
Жорий йилда мазкур тизим янада такомиллаштирилди. Саралаш жараёнларига янги ёндашувлар жорий қилиниб, ҳудудий комиссиялар ва тегишли идоралар томонидан 200 дан ортиқ оила тавсия этилди. Натижада 2026 йилда республика бўйича 97 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Сирдарё вилоятида ҳам ана шундай намунавий, аҳил ва маънавиятли оилалар муносиб рағбатлантирилди. Байрам тадбири давомида кўкрак нишони соҳибларига махсус гувоҳнома, эсдалик совғалари ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Энг муҳими, бу оилаларнинг ҳаёт йўли, фарзанд тарбиясидаги тажрибаси, маҳалла ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки ёшлар учун ибрат мактаби сифатида эътироф этилди.
Тадбир давомида саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар ва театрлаштирилган чиқишлар орқали оила муқаддаслиги, ота-онага ҳурмат, фарзанд тарбияси, миллий қадриятлар ва меҳр-оқибат ғоялари кенг тарғиб қилинди. Бу эса байрам иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, Сирдарё вилоятида “Фаровон оила сари” ойлиги доирасида қатор маънавий-маърифий, ижтимоий ва спорт тадбирлари амалга оширилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи”, “Менинг оилам — фахрим”, “Оила болалар нигоҳида” каби танловлар, маърифий учрашувлар, “Соғлом оила учун бирлашайлик!” спорт марафонлари, “Сайёр қабул”лар ҳамда муаммоли оилалар билан манзилли ишлар ташкил этилмоқда.
[gallery-29475]
Бундан ташқари, “Оилалар сайли” — “Оилафест” тадбирлари доирасида нуроний жуфтликлар, ёш келин-куёвлар иштирокида маданий дастурлар, спорт мусобақалари, болалар учун кўнгилочар чиқишлар, ҳунармандчилик кўргазмалари ва хайрия акциялари ўтказилмоқда.
Айниқса, “Аёллар дафтари”, ижтимоий реестр ва бошқа дастурлар орқали эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани инсон қадрини улуғлаш тамойили амалда ўз ифодасини топаётганини кўрсатади.
Бугун Янги Ўзбекистонда оила нафақат муқаддас қадрият, балки жамият барқарорлиги, маънавий юксалиш ва миллат келажагининг мустаҳкам пойдевори сифатида эътироф этилмоқда. Зеро, тинч ва бахтли оила — юрт тараққиёти ва Ватан равнақининг энг ишончли таянчидир.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА