Оҳангаронлик депутат аҳоли муаммоларини ўрганди
Сўнгги йиллар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Партиянинг мана шундай лойиҳаларидан бири бўлган “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи!” лойиҳаси доирасида ўтказилган навбатдаги тадбир Оҳангарон туманининг олис манзилларидан ҳисобланувчи “Гулобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 35-оилавий поликлиникада ташкил этилди.

Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгаши депутати Мадҳия Нишонова ўзи сайланган ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан алоқада бўлиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишида фидойи бўлмоқда. У партиянинг “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи!” лойиҳаси замиридаги хайрли мақсадларни амалга ошириш орқали ҳудуд хотин-қизларига кўмакчидир.
Ташаббускор депутат қишлоқ аёллари ва ўсмир қизлар учун бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил қилди. Унда 30 дан зиёд фуқаролар терапевт, гинеколог, кардиолог ҳамда УТТ шифокорларининг малакали текширувларидан ўтди.

– Касалликнинг олдини олиш уни даволашдан кўра осон ва имкон қадар эртароқ аниқлаш самарали даволанишни кафолатлайди, – дейди М.Нишонова. – Ушбу хайрли ташаббус аёлларимизнинг саломатликларини муҳофаза қилиш баробарида уларнинг турмуш сифатини ошириш, давлатимизнинг ғамхўрлигини ҳис этиб, оила ва жамият ишларига янада ўзгача шижоат билан киришишларига туртки бўлди.
Халқ вакили шу куннинг ўзида ҳудуддаги аёллар билан учрашди. Унда депутат маҳаллада яшовчи қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг ҳудудда ечимини кутаётган масалалар, хусусан, уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқини ҳимоя қилиниши, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, таълим, касб-ҳунарга йўналтириш, иш билан бандлик, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлигини тиклаш, имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашиш, ижтимоий ҳимоя борасидаги қатор муаммоларини ҳам диққат билан тинглади. Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган айрим муаммоларга шу ернинг ўзида тизимли равишда ижобий ечимлар топишга эришди.

А.Мусаев, ЎзА