Оҳангаронда Олимпия тайёрлаш маркази бунёд этилмоқда
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги “Овжассой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Орзу” дам олиш оромгоҳи негизида спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларга мўлжалланган Олимпия тайёрлаш маркази барпо этилмоқда.
Спорт вазири Адҳам Икромов халқаро стандартларга жавоб берадиган мазкур масканда олиб борилаётган қурилиш ишларининг бориши билан яқиндан танишди. Қурувчилар, лойиҳачилар ва пудратчилар билан олиб борилаётган ишлар хусусида суҳбатлашди.

Мазкур объектда амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳамда белгиланган вазифаларнинг ижросини кўздан кечириш асносида қурилиш ишларининг сифати ва муддатларига алоҳида эътибор қаратиш, белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, келгусида ёш спортчиларнинг юқори даражада халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриши учун замонавий шарт-шароитларни яратиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Мазкур Олимпия тайёрлаш маркази келгусида мамлакатимизда юқори малакали спортчиларни тайёрлаш, халқаро мусобақаларга тайёргарлигини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Т. Рўзиев, ЎзА