Оғир атлетикачимиз Осиё чемпиони бўлди
Ҳиндистоннинг Гандҳинагар шаҳрида оғир атлетика бўйича ўтаётган Осиё чемпионатининг кечаги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Кучли рақобат ва муросасиз курашлар остида кечган -88 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда ҳамюртимиз Сарвар Зафаржонов яна бир бор ўз маҳорати ва матонатини намойиш этди.

Муросасиз курашларда кучли рақобатчиларини ортда қолдирган Сарвар Зафаржонов даст кўтариш машқида 169 кг. натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритди.
Айтиш лозим, 28 та мамлакатнинг 172 нафар оғир атлетикачилари иштирок этаётган чемпионатнинг дастлабки кунларида -79 кг. вазн тоифасида супага чиққан яна бир спортчимиз Абдулазиз Алимжонов 185 кг. ҳамда 191 кг. оғирликдаги тошларни муваффақиятли кўтариб, бронза медалини қўлга киритган эди.
Бугун қитъа биринчилиги мусобақаларида аёллар -77 ва -86 килограмм, эркаклар эса -94 кило оғирликда совринли ўринларга даъвогарлик қилади.

Бугунги беллашувларда терма жамоамиз аъзоси Муҳаммадқодир Тоштемиров -94 килограмм вазнда ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Чемпионат мусобақалари 18 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА