Офицерлик шарафи ва қасамёдига садоқат
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳамда унинг тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида битирувчиларга диплом топшириш маросимлари бўлиб ўтди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Ҳарбий авиация институтида ташкил этилган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Қ.Турсунов, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони ўринбосари подполковник С.Норқобилов, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдумурод Бозоров, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Фахрийлар кенгаши раиси, захирадаги подполковник Ш.Мадиев ҳамда бошқа меҳмонлар қатнашди.
Маросимнинг расмий қисмида битирувчиларга диплом ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Сўзга чиққанлар ёш офицерларни муҳим ҳаёт босқичи билан табриклаб, уларнинг Ватан ҳимояси йўлидаги шарафли хизматларида муваффақиятлар тилади. Шунингдек, мамлакатимиз Қуролли Кучларининг салоҳиятини янада юксалтиришда билимли, жасур ва ватанпарвар ҳарбий кадрларнинг ўрни беқиёс экани таъкидланди.
Тадбир доирасида ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, ватанпарварлик руҳидаги мусиқий дастурлар ва саҳналаштирилган чиқишлар намойиш этилди. Бу йиғилганларда катта таассурот қолдириб, байрамона кайфиятни янада юксалтирди.
[gallery-30031]
Тантанали маросим ёш офицерларнинг мустақил хизмат фаолиятига йўл олишида унутилмас воқеа сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. Улар энди юртимиз осмони мусаффолиги ва мамлакат хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли вазифани бажаришга киришади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА