ОЧЛ-2: «Насаф» жой олган гуруҳда вазият қандай?
Футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси-2 гуруҳ босқичининг тўртинчи тур учрашувлари давом этмоқда. Тунда мусобақанинг «А» гуруҳида мазкур тур доирасида икки ўйин бўлиб ўтди.
Унда Қаршининг «Насаф» жамоаси сафарда Қувайтнинг «Қувайт СК» клубига қарши майдонга тушди. Беллашув мезбонларнинг устунлиги билан бошланди. Ясин Ҳениси 27-дақиқада, Муҳаммад Фреах эса 34-дақиқада гол уриб, мезбонларни олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг ташаббусни қўлга олган вакилларимиз бор эътиборини ҳужумга қаратди.
Бунинг самарасида Бобир Абдихолиқовнинг 57 ва 67-дақиқаларда киритган голлари эвазига ҳисоб тенглашди. 81-дақиқада Ойбек Рустамов ғалаба голини уриб, «Насаф»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида БААнинг «Ал-Ваҳда» жамоаси ўз майдонида Баҳрайннинг «Ал-Холдия» клубига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Ушбу натижалардан сўнг гуруҳда «Ал-Ваҳда» 9 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Қувайт СК» 6 очко билан иккинчи, «Насаф» ва «Ал-Холдия» жамоалари эса 4 очкодан жамғарган ҳолда учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаб турибди.

Гуруҳ босқичининг бешинчи турида «Насаф» 25 ноябрь куни Қаршида «Ал-Холдия»ни қабул қилади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 18:45 да бошланади. Шу куни «Қувайт СК» ўз майдонида «Ал-Ваҳда» билан баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА