Очиқлик, ҳалоллик ва хавфсизлик – барқарор тараққиёт мезони
“Навоийуран” давлат корхонасида коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс тизимини такомиллаштириш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда корхона Комплаенс хизмати бошлиғи Алишер Мустафоев, Геология ва қидирув бўйича директор Шерали Жўраев, Меҳнат муҳофазаси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси ‒ меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги хизмати бошлиғи Камолжон Ўроқов, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш хизмати бошлиғи Одил Шароповлар маълумот берди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда корхона фаолиятини фақат ишлаб чиқариш ҳажми ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан баҳолашнинг ўзи етарли эмас. Замонавий бошқарувда очиқлик, шаффофлик, коррупциявий хавфларнинг олдини олиш, ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва фуқаролар билан самарали мулоқот ҳам муҳим мезонлардан бирига айланмоқда.
– 2026 йилда “Навоийуран” давлат корхонаси фаолиятининг 240 та функцияси коррупциявий хавф нуқтаи назаридан таҳлил қилинди, – деди Алишер Мустафоев. – Ўтказилган баҳолаш натижасида уларнинг 4 таси юқори, 65 таси ўрта ва 171 таси паст даражадаги коррупциявий хавфга мойил деб топилди. Бу кўрсаткичлар хавфни содир бўлганидан кейин бартараф этиш эмас, балки уни олдиндан аниқлаш ва профилактика чораларини кўришга устувор аҳамият берилаётганини кўрсатади.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳам эътибор марказида. Йиллик декларациялар таҳлили доирасида бошқарув ходимлари томонидан тақдим этилган 790 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация тўлиқ кўриб чиқилди. Аниқланган 3 та эҳтимолий ҳолат бўйича одоб-ахлоқ комиссиясига таклифлар киритилди. Уларнинг 2 таси бартараф этилган бўлса, яна бир ҳолат бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, 2026 йилнинг биринчи ярмида корхонада жами 5 миллиард 816,3 миллион сўмлик 1 737 та шартнома расмийлаштирилган. Танлов, тендер ва тўғридан-тўғри шартномалар бўйича 64 та контрагентни текшириш ҳисоботлари тайёрланган. Шартномаларни расмийлаштириш ва молиялаштириш жараёнида контрагентларнинг хавф даражаси ўрганилиб, 1 823 та хулоса берилган.

Ҳисобот даврида 10 та хизмат текшируви ва 16 та мониторинг ҳамда назорат тадбири ўтказилди. Текширувлар натижасида 189,9 миллион сўмлик молиявий хато ва етказилган зарарлар аниқланиб, 88,3 миллион сўм ундирилди. Шунингдек, 2,46 миллиард сўм маблағнинг мақсадсиз сарфланишининг олди олинди. Аниқланган қоидабузарликлар бўйича 19 нафар ходимга интизомий, бир нафарга маъмурий ва бир ҳолат бўйича жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
2026 йилнинг олти ойида корхона ва унинг таркибий бўлинмалари ишчи-ходимлари 10 миллиард 270 миллион сўм қийматида махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланди. Амалдаги меъёрларга ҳам ишлаб чиқариш шароитларидан келиб чиқиб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, бурғилаш қурилмаси машинисти ва унинг ёрдамчиси учун айрим махсус кийим ва ҳимоя пойабзалларидан фойдаланиш муддати 12 ойдан 9 ойга қисқартирилди.
Ноқулай меҳнат шароитида ишловчи ходимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида эса 23 миллиард 996 миллион 54 минг 200 сўмлик даволаш-профилактика озиқ-овқати, сут, шарбат ва уларга тенглаштирилган маҳсулотлар етказиб берилди.
Корхона таркибий бўлинмаларида меҳнат муҳофазаси, техника ва саноат хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ҳолати юзасидан 10 та бўлинмада 6 марта мақсадли ва кенг қамровли текширув, шунингдек, 9 марта навбатдан ташқари рейд ўтказилди.

Корхона фаолиятида инсон омилининг яна бир муҳим кўриниши – фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимидир.
“Навоийуран” давлат корхонасига 2026 йилнинг январь-август ойларида жисмоний ва юридик шахслардан 554 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 253 таси ёзма, 47 таси электрон манбалар, жумладан, Президентнинг виртуал қабулхонаси, веб-сайт ва электрон почта орқали, 254 таси эса оғзаки мурожаатлардан иборат. Келиб тушган мурожаатларнинг 257 таси ижобий ҳал этилган, 254 таси ҳуқуқий маълумот бериш орқали ўз ечимини топган. Қолган мурожаатлар эса айни пайтда кўриб чиқилмоқда.
Фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида йил бошидан буён 8 марта сайёр қабул ўтказилиб, уларда 45 та мурожаат қабул қилинган. Мурожаатларнинг 31 таси ижобий ҳал этилган, 14 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Шунингдек, январь-август ойларида 8 маротаба онлайн мулоқот ташкил этилди.

Бугун “Навоийуран” давлат корхонасида коррупциявий хавфларни олдиндан аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, маблағлар сарфини назорат қилиш, ходимлар хавфсизлигини таъминлаш ва фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш бир-биридан айри жараён сифатида эмас, ягона бошқарув маданиятининг таркибий қисми сифатида шаклланмоқда.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири