“Очиқ бюджет”: Овоздан йўлгача
Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Очиқ бюджет” ахборот портали бугун мамлакатимизда халқ фикрини ривожланишнинг ҳал қилувчи омилига айлантирган таъсирчан механизм сифатида ўз самарасини бермоқда. Фуқаролар ташаббуси асосида шаклланган лойиҳаларни молиялаштириш маҳаллалар қиёфасини ўзгартириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва инфратузилмани изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ана шундай эзгу ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Хусусан, маҳалла ҳудудидаги қарийб 6 километр шағал йўл асфальт қопламаси билан таъмирланди. Натижада аҳоли учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш имконияти яратилди. Энг муҳими, мактаб ўқувчиларининг таълим муассасасига қатнови анча енгиллашди, фуқароларнинг кундалик юриб-туриши учун муносиб шароит яратилди, транспорт ҳаракати самарадорлиги ошди.

Бу каби лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда инсон манфаати устуворлигига асосланган давлат сиёсатининг изчил давоми эканини кўрсатади. Хусусан, Президентининг 2022 йил 25-октябрдаги “Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан иштирокчилик бюджетлаштириш тизими янада такомиллаштирилди, “Очиқ бюджет” орқали аҳоли ташаббусларини молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилди ҳамда маҳаллалардаги долзарб муаммоларни жамоатчилик фикри асосида ҳал этишнинг самарали механизми яратилди. Бахмал туманидаги мазкур амалий натижа ушбу қарор ижроси изчил таъминланаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.

Эътиборлиси, мазкур лойиҳа нафақат йўл инфратузилмасини яхшилади, балки давлат билан халқ ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлади. Зеро, ташаббус аҳолидан, қарор жамоатчилик фикридан, натижа эса бутун маҳалла манфаатидан келиб чиқмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири