"Ободлик ва меҳр-саховат" маҳалладан бошланади
Юртимизда маҳаллаларни янада обод ва файзли масканга айлантириш, аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва дахлдорлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Гулистон туманида ҳам "Ободлик ва меҳр-саховат" ойлигига старт берилди.
Тонг саҳардан туманнинг Сойибобод маҳалласида аҳоли, нуронийлар, ёшлар, давлат ташкилотлари ҳамда корхона ва муассасалар жамоалари иштирокида умумхалқ ободонлаштириш ҳашари бошланди. Кўчалар, йўлаклар ва ариқ-зовурлар тозаланди, дарахтларга агротехник ишлов берилиб, уларнинг таналари оқланди. Ички йўлларнинг айрим қисмларига шағал ётқизилиб, аҳоли учун янада қулай ҳаракатланиш шароитлари яратилди.

Ободонлаштириш ишларида Гулистон тумани ҳокими ҳам иштирок этиб, маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар билан танишди ҳамда масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Таъкидлаш жоизки, "Ободлик ва меҳр-саховат" ойлиги доирасида туманнинг 24 та маҳалласида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кучайтириш, санитария-тозаликни таъминлаш, ички кўчаларни тартибга келтириш, ижтимоий объектлар атрофини обод қилиш ҳамда эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишга қаратилган тадбирлар изчил амалга оширилади.


— Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларни обод қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш ва одамларни эзгу ишлар атрофида бирлаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туманимиздаги барча маҳаллада "Ободлик ва меҳр-саховат" ойлигига старт берилди. Бу жараёнда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар, давлат ташкилотлари ва меҳнат жамоалари фаол иштирок этмоқда. Ободлик фақат кўча ёки ҳовлини тозалаш эмас, балки ҳар бир инсонда ўз маҳалласи тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини қарор топтириш демакдир. Шу боис ойлик давомида барча маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда меҳр-саховат тадбирлари ҳам тизимли равишда ташкил этилади, — деди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Гулистон туман бўлими бошлиғи Шуҳрат Хушмуродов.

Дарҳақиқат, маҳалладаги ободлик ҳар бир хонадондан, ҳар бир кўчадан ва энг аввало, фуқароларнинг фаоллиги, ҳамжиҳатлиги ҳамда дахлдорлик ҳиссидан бошланади. Шу маънода "Ободлик ва меҳр-саховат" ойлиги нафақат ҳудудларни обод қилиш, балки аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни янада юксалишига замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири