Обод маҳалла — барқарор электр таъминотидан бошланади
Маҳалла обод бўлса, одамларнинг кайфияти ҳам, турмуш сифати ҳам ўзгаради. Тоза кўчалар, кўкаламзор ҳудудлар, замонавий инфратузилма ва энг муҳими, барқарор электр таъминоти — бугунги ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда эълон қилинган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» ана шу эзгу мақсадларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган. Президент Шавкат Мирзиёев 16 июль куни ўтказилган йиғилишда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, аввало, маҳаллалар қиёфаси ва одамларнинг кундалик ҳаётида намоён бўлиши лозимлигини таъкидлади. Шу боис ҳудудларда ободонлаштириш ишларини янги босқичга олиб чиқиш, магистрал автомобиль ва темир йўллар атрофини тартибга келтириш, турар жойлар ҳамда тижорат объектларини намунали ҳолатга келтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббус бир ойлик тадбир билан чекланиб қолмаслиги, балки йил давомида давом этадиган умуммиллий ҳаракатга айланиши зарурлигини алоҳида қайд этди.
Бу вазифалар Сирдарё вилоятида ҳам амалий ишлар билан таъминланмоқда. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов топшириғи асосида шаҳар ва туманларда маҳаллаларни ободонлаштириш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, аҳоли хонадонларини тартибга келтириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда муҳандислик тармоқларини янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда электр таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, барқарор электр таъминотисиз замонавий ва қулай маҳалла ҳақида сўз юритиш мушкул.
Шу мақсадда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан электр тармоқларини модернизация қилиш ва реконструкция қилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
[gallery-30598]
Хусусан, Президентнинг 2025 йил 8 октябрдаги «Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Сирдарё туманидаги Пахтакор, Оқибат, Ёшлик ва Ширин маҳаллаларида электр таъминоти инфратузилмаси тубдан янгиланмоқда.
Лойиҳа доирасида 560 та темир-бетон таянч ўрнатиш, 24 километр замонавий электр узатиш тармоқларини тортиш ва 10 та янги трансформатор пунктини ишга тушириш режалаштирилган. Бу эса минглаб хонадонларни сифатли ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Қурилиш-монтаж ишларини қисқа муддатларда бажариш учун вилоятнинг барча шаҳар ва туман электр таъминоти корхоналаридан 200 нафардан ортиқ мутахассис ҳамда 50 дан зиёд махсус техника жалб этилган. Айни пайтда барча ишлар белгиланган режа асосида давом этмоқда.
— Бугун амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад аҳолини ишончли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлашдир. Эскирган электр тармоқлари ҳамда таянчлар босқичма-босқич янгиланиб, замонавий трансформаторлар ўрнатилмоқда. Бу маҳаллаларда электр таъминоти сифатини янада ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади. Барча ишлар белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан якунланиши устидан доимий назорат ўрнатилган, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиали капитал қурилиш масалалари бўйича директор ўринбосари Аброр Тўрабеков.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, лойиҳа тўлиқ якунлангач, электр энергиясидаги узилишлар сезиларли даражада камаяди, тармоқлардаги кучланиш барқарорлашади ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизмат сифати янада яхшиланади.
Бугун обод маҳалла деганда фақат тоза кўчалар ёки кўркам ҳовлилар эмас, балки ишончли муҳандислик коммуникациялари, барқарор электр таъминоти ва инсон манфаатига хизмат қиладиган замонавий инфратузилма тушунилади.
Сирдарё туманида амалга оширилаётган ишлар ана шу мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Зеро, маҳаллада яратилган ҳар бир қулайлик инсоннинг турмуш сифати, фаровонлиги ва эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА