«Nurzot 2020» вилоятда биринчилардан бўлди
Пахтачиликда натижа, аввало, ерга муносабат, меҳнатга масъулият ва мавсумни тўғри ташкил этишга боғлиқ. Ҳар бир ниҳол парвариши ортида машаққатли меҳнат, ҳар бир тонна ҳосил замирида эса фермернинг йил давомидаги изланиши ва саъй-ҳаракатлари мужассам.
Боёвут туманидаги «Nurzot 2020» фермер хўжалиги жамоаси бу йилги пахта мавсумида ана шундай меҳнатнинг муносиб самарасини намоён этди. Хўжалик давлатга пахта хомашёсини топшириш бўйича шартнома режасини Сирдарё вилоятида биринчилардан бўлиб бажарди.
Эътиборлиси, фермер хўжалиги жами 14,7 гектар майдонда пахта етиштириб, 87 тонна ҳосил топширди.
— Бу йил пахтанинг Хитойдан келтирилган «Шинжон» навини экиб, синаб кўрдик. Ўз вақтида ва сифатли бажарилган меҳнат, пахта парвариши давомида қўлланилган агротехник тадбирлар бугун ўз самарасини берди. Бунинг ҳисобига ҳар бир гектар ердан ўртача 59,2 центнердан ҳосил олишга эришдик. Ҳали далаларда пахта мўл. Йиғим-терим ишлари давом этяпти. Бунинг учун барча зарур ресурслар етарли, — деди фермер хўжалиги раҳбари Ҳумоюн Тўрақулов.

Дарҳақиқат, пахтачиликда юқори натижа бир кунлик меҳнат билан яратилмайди. Ерни тайёрлашдан тортиб уруғни танлаш, экинни парваришлаш, сув ва озуқа билан таъминлаш, зараркунандаларга қарши курашиш, пишиб етилган ҳосилни ўз вақтида йиғиб олишгача бўлган ҳар бир жараён якуний натижага таъсир кўрсатади.
Бу жиҳатларни инобатга олган «Nurzot 2020» фермер хўжалиги жамоаси пахта парваришини агротехник талаблар асосида ташкил этиб, мавсумни юқори кўрсаткичлар билан бошлади. Ерга ўз вақтида ишлов бериш, экин парваришига масъулият билан ёндашиш ва мавсум давомидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди.

Туман ҳокими Ниёз Хазратқулов фермер хўжалигида бўлиб, мавсумни юқори натижа билан якунлаган хўжалик раҳбарини самимий муборакбод этди. Учрашувда фермернинг меҳнатдаги фидойилиги, ердан самарали фойдаланиши ва юқори ҳосилдорликка эришгани алоҳида эътироф этилди.
Туман ҳокими томонидан хўжалик раҳбарига меҳнатдаги ташаббускорлиги ва муносиб натижаси учун эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири