Нуронийлар ҳаётий тажрибаси — ёшлар тарбиясида муҳим омил
Навоий вилояти Қизилтепа туманида кекса авлод вакилларига ҳурмат кўрсатиш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида фойдаланиш, нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қизилтепа туманидаги «Нуроний» жамғармаси ҳам кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда маҳаллалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида иш олиб бормоқда.
Бугунги кунда туманидаги 48 та маҳалла ва 207 та кўчада 167 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Тумандаги 34 минг 647 та хонадонда 45 минг 267 та оила яшайди. Аҳоли муаммоларини ўрганиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашда маҳалла фаоллари билан бирга ҳаётий тажрибага эга нуронийлар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Туманда 18 ёшгача бўлган 33 минг 690 нафар фуқаро, 14–30 ёш оралиғидаги 31 минг 422 нафар ўғил-қиз ҳамда 60 ёш ва ундан юқори бўлган 19 минг 340 нафар нуроний истиқомат қилади. Бу эса авлодлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий қадриятлар ва ҳаётий тажриба асосида тарбиялаш муҳимлигини кўрсатади.
[gallery-31882]
Шунингдек, туманда ногиронлиги бўлган 8 минг 763 нафар фуқаро, 85 нафар ёлғиз кекса ва 1 минг 165 та кам таъминланган оила бор. Нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони эса 3 минг 658 тани ташкил этади.
Бундай шароитда кекса авлод вакилларининг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, ёлғиз кексалар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга маънавий ва амалий кўмак беришда маҳалла фаоллари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА