Нуронийлар эъзоз ва эҳтиромга лойиқ
Мамлакатимизда ёши улуғларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш элимизга хос қадриятлардан биридир. Бу эзгу фазилатлар Наманган шаҳрида ўтказилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросимида яна бир карра намоён бўлди.
“Маърифат маскани” анжуманлар залида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан уюштирилган “Уч авлод” учрашуви тарзидаги маънавий-маърифий тадбирда вилоят шаҳар ва туманларида ташкилотчилиги ва фаоллиги билан ўрнак бўлаётган нуронийлар билан бир қаторда Ёшлар иттифоқи фаоллари ҳам иштирок этди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Адураззоқов, республика “Нуроний” жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев кексаларни эъзозлаш Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларда устуворлик касб этаётгани, нуронийларнинг Наманганни республиканинг бунёдкорлик, тадбиркорлик ва саноат марказига айлантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, юртимиз тинчлик-барқарорлигини таъминлаш, ёшлар камолотида муносиб ҳиссалари борлигини таъкидлади.
[gallery-30277]
Бугунги кунда Наманган вилоятида истиқомат қилаётган 278 мингдан зиёд пенсионерларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бугунги кунидан рози бўлиб яшашлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Чунончи, Наманган шаҳри ва барча туманларда кексаларни дам олиши, спорт билан шуғулланиши ва китоб ўқишига йўналтирилган “Нуронийлар маскани” фаолият юритмоқда.
Тадбирда ўз меҳнати, ҳаёт йўли ва фидойилиги орқали давлат бошқаруви, фан, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият каби соҳаларда узоқ йиллар самарали ишлаган 53 нафар нуронийларга биринчи, иккинчи ва учинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Қайд этиш лозимки, ушбу мукофот жорий этилган 2017 йилдан буён ҳозирга қадар наманганлик 432 нафар кекса ватандошимиз миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларидаги узоқ йиллик самарали фаолияти учун “Меҳнат фахрийси” нишонига сазовор бўлган. Улар орасида мустақилликнинг илк йилларида Наманганни бошқарган биринчи вилоят ҳокими Ботирали Ҳакимов, узоқ муддат Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Наманган вилояти бўйича вакили бўлган Абдулҳай домла Турсунов, илм-фан фидойилари – Наманган давлат техника университети профессори, техника фанлари доктори Рустам Муродов, Наманган давлат университети профессори, филология фанлари доктори Фарида Каримова, халқ таълими аълочиси, таниқли шоира ва журналист Дилбар Ҳайдарова каби эл-юрт ҳурматига эга бўлган фидоийларни алоҳида эътироф этиш жоиз.
– Табаррук етмиш ёшга етганда камтарона меҳнатларимиз юксак қадрланиб, давлат мукофотига муносиб кўрилганидан бағоят мамнунман. Қарийб ярим асрдан буён адвокатура идораларида фаолият юритиб, минглаб ҳамюртларимизнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишда озми-кўпми нафимиз текканидан хурсандмиз, – дейди Республика Адвокатлар палатаси Наманган вилояти бошқармаси адвокати, Тўрақўрғон тумани Поросмон маҳалласи фаоли, биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Мавлуда Қодирова. – Ўтган давр мобайнида умр йўлдошим билан бирга икки ўғил ва икки қизни халқимиз корига ярайдиган баркамол инсонлар этиб вояга етказдик. Бугун фарзандларимиз ҳамда 13 набира ва 10 эварамиз даврасида умргузаронлик қиляпмиз. Қувонарлиси, тўрт неварамиз изимдан бориб, ҳуқуқшунослик касбини эгаллади.
Тадбирда таниқли санъат усталари ҳамда “Болалар” мақом ансамбли ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар йиғилганларга манзур келди. Тантанали тадбир нуронийлар ва ёшлар иштирокида тўкин дастурхон атрофида давом этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА