Нукусда касбий маҳорат миллий танлови ўтказилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари-2026” касбий маҳорат миллий танловининг республика босқичи ўтказилмоқда.
Нукус 2-сон Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми биносида ташкил этилган мусобақа иштирокчилари Тиббий ва ижтимоий ғамхўрлик йўналиши бўйича баҳслашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимизда касбий таълимда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда жамиятда касбий таълимнинг нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловини ўтказишдан мақсад ёшларнинг касбга бўлган қизиқишини ошириш, ўрта бўғин кадрлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда танлов ғолиблари ва иштирокчиларининг ички ва ташқи меҳнат бозорида юқори даромадли иш ўрнига эга бўлиш имкониятини кенгайтиришдан иборат.
Республика босқичида иштирок этаётган номзодлар ушбу касб йўналиши бўйича шаҳар ва туман ҳамда ҳудудий босқичларида юқори натижа кўрсатган, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган энг лаёқатли ёшлардир. Уларнинг ҳар бирини танловга тайёрлаган амалиёт устозлари ҳам мусобақа давомида фаол иштирок этмоқда.
[gallery-30435]
Иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари “WorldSkills” халқаро стандартлари асосида баҳолаш методикасига эга бўлган малакали экспертлар томонидан баҳоланмоқда. Ҳар бир йўналиш бўйича баҳолаш жараёнининг адолатлилигини таъминлаш мақсадида алоҳида апелляция комиссияси ҳам ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, танловнинг республика босқичи ғолиблари ва уларга бириктирилган амалиёт устозлари бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Жумладан, биринчи ўрин (олтин медаль) соҳибига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари, амалиёт устозига 100 баравари, иккинчи ўрин (кумуш медаль) соҳибига 15 баравари, амалиёт устозига 80 баравари, учинчи ўрин (бронза медаль) соҳибига 10 баравари, амалиёт устозига 60 баравари миқдорида пул мукофоти топширилади.
Бундан ташқари, республика босқичи ғолибларига “WorldSkills International” ташкилотининг халқаро чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, республика босқичи ғолибларига берилган “WorldSkills” халқаро чемпионатида қатнашиб ғолиб бўлган ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 минг 500 баравари, яъни 1 миллиард 30 миллион сўм миқдорида, унинг амалиёт устозига эса 450 баравари, яъни 185 миллион 400 минг сўм миқдорида пул мукофоти тақдим этилиши белгиланган.
Тиббий ва ижтимоий ғамхўрлик йўналиши бўйича ўтказилаётган касбий маҳорат миллий танлови давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари