Нукус туризм ва инвестиция учун янги майдон
Туризмда сайёҳни жалб қилишнинг ўзи етарли эмас. Уни муносиб қабул қилиш, йирик делегация ва халқаро тадбирларни бир жойда ташкил этиш имконияти ҳам керак. Нукусда қурилаётган Конгресс-холл ва меҳмонхона мажмуаси айнан шу эҳтиёжга жавоб беради.
Шаҳарнинг меҳмон қабул қилиш имкониятлари ҳақида туризм соҳасида ишлайдиган Фаррух Камолов билан суҳбатлашар эканмиз, у амалиётдаги асосий муаммолардан бирини айтиб ўтди.
– Баъзан бир вақтнинг ўзида катта гуруҳ сайёҳлар келади, – дейди у. – Айниқса, хорижий делегациялар учун меҳмонхона, учрашув ва бошқа хизматларни бир жойда ташкил қилиш имконини берадиган замонавий мажмуалар керак.
Шаҳар марказида ана шундай йирик мажмуа барпо этилмоқда.
Лойиҳа бош директори Аброр Аннаковнинг маълум қилишича, 1,63 гектар майдонда қиймати 78 миллион доллар бўлган мажмуа қуриляпти. Унинг таркибида 22 қаватли, 300 ўринли беш юлдузли меҳмонхона, 1 минг кишига мўлжалланган Конгресс-холл, 320 хонадонли иккита 24 қаватли турар жой биноси, автотураргоҳ ҳамда савдо мажмуаси бўлади.
Объект етти блокдан иборат. Учта блокда монолит ишлари 95 фоизга бажарилган, қолган тўрттасида пойдевор ишлари давом этмоқда. Бинонинг сейсмик барқарорлиги Туркия ва Ўзбекистон мутахассислари иштирокида экспертизадан ўтказилган. Қозиқлар 27-28 метр чуқурликка қоқилган.
– Ҳозиргача қурилишга 10 миллион доллардан ортиқ маблағ киритилди, – дейди Аброр Аннаков. – Меҳмонхона билан бирга савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳам бўлади. Натижада Нукусда хорижий делегациялар, бизнес вакиллари ва сайёҳларни бир вақтнинг ўзида қабул қилиш имконияти кенгаяди.
Мажмуанинг аҳамияти фақат туризм билан чекланмайди. Йирик форум, музокара ёки бизнес учрашувини шу ернинг ўзида ўтказиш имконияти ҳудудни инвесторларга танитиш учун ҳам қўшимча шароит яратади. Инвестор ҳудудга келиб, имкониятларни ўз кўзи билан кўриши, маҳаллий ҳамкорлар билан учрашиши ва лойиҳани жойида муҳокама қилиши мумкин бўлади.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда инвестиция фаолиятини рағбатлантириш учун алоҳида тартиблар жорий этилди. Жумладан, Нукус шаҳрида камида 1 миллион доллар инвестиция киритган тадбиркорларга ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш имконияти берилди. 2026 йил сентябрь ойида Нукусда ўтказилган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги алоҳида шароитлар инвестициялар ҳажмини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Фойда, ер ва мол-мулк солиқлари икки карра камайтирилган, саноат корхоналари учун электр энергияси тарифи 15 фоизга пасайтирилган, ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланган.
Аброр Аннаковнинг айтишича, лойиҳанинг айнан Нукусда амалга оширилишида ҳам шу муҳит ҳал қилувчи омил бўлган.
– Тадбиркорликни 2012 йилда Россияда бошлаганман, – дейди у. – 2022 йилда Ўзбекистонда яратилган имкониятларни кўриб, Беруний туманига қайтдим. Кейин хорижлик ҳамкорлар билан йирик лойиҳа устида ишлай бошладик. Дастлаб уни Дубайда амалга ошириш режалаштирилган эди. Аммо ҳамкорлар Ўзбекистон, хусусан, Қорақалпоғистонга келиб, шароитлар билан танишгач, қарорини ўзгартирди. Улар лойиҳани Нукусда амалга оширишни маъқул кўрди.
Шу жиҳатдан, янги мажмуа Нукус учун навбатдаги қурилиш объекти эмас. У шаҳарнинг катта делегацияларни қабул қилиш, халқаро тадбирлар ўтказиш, бизнес учрашувларини ташкил этиш ва Қорақалпоғистон имкониятларини хорижий ҳамкорларга бевосита намойиш қилиш салоҳиятини оширади. Бу ерда бунёд этилаётган Конгресс-холл ва меҳмонхона мажмуаси туризм, хизмат кўрсатиш ва инвестицияни бир нуқтада боғлайдиган янги майдонга айланади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА