Нукус шаҳрига 32 дона автобус олиб келинади
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда Оролбўйида жамоат транспортини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолини сифатли ва кафолатланган транспорт хизматлари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу эса аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, уларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Нукус шаҳрида ҳаракат таркибини янгилаш, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Fayz Avangard” масъулияти чекланган жамияти томонидан 32 дона автобус олиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 мартдаги “Жамоат транспортини молиялаштиришнинг янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жамоат транспортини молиялаштиришнинг янги брутто-шартнома тизими жорий этилди. Мазкур тизим йўналишларда чекланган тарифларда йўловчи ташиш хизматлари учун “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилишни назарда тутувчи ваколатли орган ва ташувчи ўртасида тузилган шартнома ҳисобланади. Шу асосда, янги автобуслар Нукус шаҳри ичидаги йўналишларга брутто-шартнома билан жойлаштирилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири