Нотўғри маълумот тушунмовчиликларга сабаб бўлади
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, вазирлик раҳбари лавозими “вакант” ҳолатида кўрсатилгани ҳақидаги хабарлар бўйича расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда келтирилган маълумотлар вазирликнинг аввалги, айни пайтда иш олиб бормаётган веб-сайтида жойлаштирилган маълумотларга асосланган. Мазкур веб-сайтдаги маълумотлар ўз вақтида янгиланмагани бугунги кунда вазирликнинг амалдаги ахборот ресурслари фаолиятини акс эттирмайди.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг амалдаги расмий веб-сайтида https://kkbilim.uz/ соҳага оид барча муҳим маълумотлар, жумладан, бўш иш ўринлари (вакансиялар), янгиликлар ва бошқа расмий хабарлар мунтазам равишда ёритиб борилмоқда.
Шунингдек, вазирлик тизимидаги раҳбар лавозимларига оид расмий маълумотлар ҳам белгиланган тартибда эълон қилиб келинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозими амалда вакант эмас, бу лавозимга раҳбар тайинланган ва ўзининг хизмат вазифасини бажариб келмоқда.
Жамоатчиликни давлат органлари фаолиятига оид маълумотларни тарқатишда фақат расмий ва ишончли манбаларга таянишга чақирамиз. Нотўғри маълумотларнинг тарқалиши аҳоли ўртасида асоссиз тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Қайд этиш жоизки, вазирликнинг расмий Telegram каналида эълон қилинаётган ҳар бир пост остида вазирликнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳаволалари мунтазам равишда кўрсатиб ўтилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири