Норинда маҳалла фаолияти учун замонавий шароит яратилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилояти Норин туманидаги Пастки Чўжа маҳалласи учун барпо этилган янги замонавий маъмурий бинонинг фойдаланишга топширилиши ҳам шу йўналишдаги амалий ишлардан бири бўлди.
[gallery-31497]
Янги иншоотнинг очилиш маросимида туман ҳокими Жўрабек Нурматов, масъул раҳбарлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда маҳалла институтининг аҳоли билан яқин мулоқот ўрнатиш, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ва муаммоларни жойида ҳал этишдаги ўрни хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шу кунга қадар алоҳида маъмурий биноси бўлмаган Пастки Чўжа маҳалласида барпо этилган янги иншоот ходимлар учун замонавий иш шароитларини яратиш билан бирга, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имконини беради.
Бинонинг фойдаланишга топширилиши маҳалла ва аҳоли ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлаш, фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдириш ҳамда ижтимоий масалаларни манзилли ҳал этиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА