Норасмий бандликка чек қўйилмоқда: 35 мингдан ортиқ ишчи легаллаштирилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда солиқ тизимини такомиллаштириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва маҳаллий бюджетлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда рақамлаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда жойлардаги ҳамкорлик механизмларини кучайтириш муҳим ўрин тутмоқда.
Айниқса, солиқ инспекторлари ва “маҳалла еттилиги” ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик тизими жойларда солиқ базасини аниқлаш, қўшимча манбаларни топиш ва норасмий иқтисодий фаолиятни легаллаштиришда самарали восита сифатида намоён бўлмоқда. Мазкур ёндашув маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш ва ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Рақамлаштириш жараёнлари чуқурлашиб бораётган ҳозирги даврда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, солиқ инспекторлари ва “маҳалла еттилиги” ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик амалиёти ўз самарасини бермоқда.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, жисмоний шахсларнинг турар жой объектлари бўйича 2026 йил январь –март ойларида жами 1,1 триллион сўм солиқ ҳисобланган. Ушбу маблағнинг 117,5 миллиард сўми тўғридан-тўғри маҳалла бюджетларида қолдирилиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига йўналтирилмоқда.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткичлар Самарқанд (14,3 млрд сўм), Тошкент шаҳри (13,8 млрд сўм) ва Фарғона (13,6 млрд сўм) вилоятларида қайд этилди. Шунингдек, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ҳам солиқ тушумлари барқарор ўсиш динамикасини намоён этмоқда.
Ушбу натижаларнинг асосий омилларидан бири — маҳалла даражасида тизимли ишлаш ва рақамли ҳисоб-китобларнинг жорий этилиши. Хусусан, 190 минг 433 та қўшимча объектнинг аниқланиши солиқ базасини кенгайтиришга хизмат қилган бўлса, 35 минг 874 нафар норасмий ишчининг легаллаштирилиши меҳнат муносабатларини тартибга солишда муҳим қадам бўлди.
Таҳлилларга кўра, “маҳалла еттилиги”нинг жойлардаги иш жараёнларига фаол жалб этилиши солиқ тўловчиларни аниқлаш, ҳисобга олиш ва тушумларнинг ошишида муҳим роль ўйнамоқда.
Бу эса маҳаллий бюджетлар мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, соҳада рақамлаштиришнинг кучайиши келгусида солиқ маъмурчилигини янада шаффоф ва самарали тизимга айлантириш учун асос яратмоқда. Мазкур ҳамкорлик модели келгусида яширин иқтисодиёт улушини янада қисқартириш ва бюджет барқарорлигини таъминлашда муҳим восита бўлиб қолади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА