Ноқонуний маҳсулотлар савдосига чек қўйилди
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари ҳамкорлигида умумий қиймати 172 миллион 240 минг сўмлик тиббиёт воситалари ва вирус блокаторлар ноқонуний савдосининг олди олинди.
Ушбу ҳолат Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир натижасида аниқланди.
Курраи заминимиздаги сингари мамлакатимизда ҳам пандемия сабабли жорий этилган карантин қоидалари юмшатилган бўлсада, бекор қилингани йўқ. Аммо ана шу карантин даврида баъзи чекловларнинг юмшатилишидан унумли фойдаланиб, баъзи юртдошларимиз орасида ноқонуний даромад ортириш мақсадида бўлган “ишбилармон” кимсалар афсуски учраб турибди.
Тезкор хабарга асосланиб, коронавирус блокатори ва электрон термометр товарларини ноқонуний айланувига қарши курашиш борасида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Акинбой Халтаев (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилган) бошқарувидаги “Нексия-3”, фуқаро Фирқат Маратов бошқарувидаги “Нексия-2” ҳамда фуқаро Алам Яманов бошқарувидаги “Матиз” русумли енгил автотранспорт воситалари Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда кузатувга олинди.
Халқимиз, бузоқнинг қочар жойи сомонхона, деб бежизга айтмаганда, ушбу автоуловлар соҳиблари ҳам Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги автотураргоҳлардан биридаги тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўйилган “хўракка”, яъни “шартли харидор”га тумшуғидан илинди.
Ҳар учала автотранспорт воситаларининг салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, жами маҳсулотларнинг умумий қиймати 172 миллион 240 минг сўмлик тиббиёт воситалари ва вирус блокаторлари борлиги аён бўлди.
Амалдаги божхона қонунларига кўра ушбу товар-маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки текширув ва суриштирувлар натижасида ашёвий далил сифатида олинган ушбу товарлар фуқаро Хакимбай Айтмасовга тегишли эканлиги маълум бўлди.
Доно халқимизнинг ҳар бир нақлида олам-олам ҳикмат мужассам. Айтайлик, иш қилганга 1 тангга, иш билганга 40 танга, деган мақолини айнан ушбу ҳолат бўйича таҳлил қилсак, “уч оғайни ботирлар” амалга оширган ноқонуний ишлари учун 1 тангалик жазога тортилса, “ишбилармон” Хакимбай Айтмасов эса “иш билгани” учун 40 тангалик товон тўлаши шубҳасиз.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.