Ноқонуний балиқ овлаш ҳолати аниқланди
Навоий вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Экополициясининг тезкор гуруҳи ходимлари томонидан Қизилтепа тумани ҳудудидаги Тўдакўл тиббий сув ҳавзасида навбатдаги назорат-рейд тадбири ўтказилди.
Назорат жараёнида фуқаро И.Ж. томонидан тегишли рухсатномаларсиз, синтетик тўрдан фойдаланган ҳолда ноқонуний балиқ овлаётгани аниқланди. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 26 дона балиқ ашёвий далил сифатида олинди.
Ўрганишлар натижасига кўра, мазкур қонунбузилиш оқибатида табиатга 44 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисобланди. Қонунбузилишга оид тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Навоий вилояти прокуратурасига юборилди.
Табиий сув ҳавзаларида балиқ захираларини муҳофаза қилиш, ноқонуний овчиликнинг олдини олиш ва экологик қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги назорат тадбирлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири