Номоддий мерос: Илм-фан ва келажак истиқболлари
Миллий маданият ва номоддий меросни асраш давлат сиёсатининг устувор йўналиши. Соҳа раҳбарларининг Маданиятшунослик институтига ташрифи келгуси ривожланиш истиқболларини белгилаб берди.
Миллатнинг маданияти унинг кўзгусидир. Шунинг учун ҳам бу муқаддас меросни асраш ва уни янада бойитиш муҳим вазифа саналади. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари маданият тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.
Ана шундай ташаббусларни амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили Ҳасан Салихов ҳамда маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институтида бўлиб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишди. Институтнинг илмий-тадқиқот йўналишида амалга ошираётган ишлари, хусусан, маданиятшунослик йўналишидаги илмий изланишлар, номоддий маданий мерос намуналарини асраб-авайлаш, ўрганиш, тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказиш борасидаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, ҳудудларда номоддий маданий мерос намуналарини ўзида сақловчи 20 нафар шахслар томонидан амалга оширилаётган ишлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, институтнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, ушбу йўналишда халқаро тажрибаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда ҳудудий ва халқаро экспедицияларни ташкил этиш, уларнинг натижадорлигини ошириш, экспедициялар давомида аниқланган номоддий маданий мерос намуналарини илмий жиҳатдан ўрганиш ва ҳужжатлаштириш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ташриф давомида Институтнинг уч йиллик фаолияти тақдимот қилинди. Тақдимот давомида эришилган ютуқлар ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Мулоқот якунида номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ва унинг миллий ҳамда халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга қаратилган қатор таклифлар билдирилди.
Шербек Исломов,
ЎзА