Нодирбек Абдусатторов: “Кўп хатоликлар руҳий ҳолатдан келиб чиқади”
Шахмат мусобақаларида юқори даражада ўйин кўрсатиш, кутилган натижаларга эришишда психологик барқарорлик қанчалик муҳим роль ўйнаши хусусида икки карра шахмат олимпиадаси олтин медал соҳиби, рапид йўналишида 2021 йилги жаҳон чемпиони, қатор халқаро турнирлар ғолиби Нодирбек Абдусатторов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Унинг фикрича, ҳар бир ўйиндан кейин хаёлга келадиган ҳар қандай салбий фикрларни ортда қолдириш муҳим хусусият саналади. Ўйин давомида бутун диққат доска ва позицияда бўлиши лозим. Баҳс давомидаги ортиқча фикрлар инсонни чалғитиш баробарида руҳий қувватни ҳам олиб қўяди.
Унинг айтишича, кўплаб хатолар соф шахмат сабабли эмас, балки ҳиссиётлар ва руҳий мувозанатнинг бузилиши ҳамда ташқи босимлар туфайли юз беради.
-Мен шуни тушундимки, кўп очколар айнан шундай ҳолатларда йўқотилади. Вақт ўтиши билан юқори босимли вазиятларда ўзимни яхшироқ назорат қилиш кўникмасига эга бўлишга ҳаракат қиляпман, - дейди Н. Абдусатторов.
Абдусатторов профессионал шахматда натижани кўпинча жуда кичик деталлар ҳал қилиши хусусида тўхталиб, айнан шу жиҳатлар юқори кўрсаткичларга эришишни белгилайди. Агар ҳар қандай шахматчи шу майда томонларни яхшилашга эриша олса, унинг умумий ўйин даражаси ҳар жиҳатдан янада кучаяди, дея таъкидлади.
ЎзА мухбири Т. Рўзиев ёзиб олди.