ННТларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш – муҳим
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва манфаатларига дахлдор бўлган норматив ҳужжатлар ҳамда мақсадли лойиҳаларни амалга оширишда грант танловларининг аҳамияти” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда соҳани тартибга солувчи қонунчиликдаги янгиликлар, ННТларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари учун эълон қилинган грант танловларида фаол иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди.

Давра суҳбати давомида грант танловларида қатнашиш тартиби, лойиҳа таклифларини талаблар асосида тайёрлаш, лойиҳа ҳужжатлари сифатини ошириш ҳамда молиялаштириш учун танлаб олинган ташаббусларни самарали амалга ошириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, давлат грантларини манзилли йўналтиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни, ижтимоий фойдали дастурларни қўллаб-қувватлаш ва лойиҳаларни платформалар орқали самарали юритиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Г.Бобоева,
ЎзА