НКМК: Давлат дастури ижроси назоратда
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ да “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг олти ойлик ижросига бағишланган брифинг ўтказилди. Унда комбинат матбуот маркази раҳбари Абдумажид Жўраев ахборот берди.
Таъкидланишича, Давлат дастури доирасида “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида 7 та бўлим ва 41 та банддан иборат умумий қиймати 290 миллиард 559,6 миллион сўм ва 405,5 миллион долларидан иборат бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Ўтган олти ойда чора-тадбирлар режасида назарда тутилган бандлар ижросини таъминлаш мақсадида 120 миллиард 653 миллион сўм ва 171,1 миллион долларлик ишлар бажарилган.
– Инвестиция дастури доирасида 2023 йилда янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 976 та янги иш ўрни яратиш ва унга ёш мутахассисларни қабул қилиш назарда тутилган эди, – деди А.Жўраев. – Олти ойда эса 644 та янги иш ўрни яратилиб, унга олийгоҳ ва коллеж битирувчилари, “Ишга марҳамат” мономарказида касбга тайёрланган ёшлар ишга қабул қилинди. Шунингдек, “Пистали” кони негизида йиллик қуввати таркибида олтин бўлган 4 миллион тонна рудани қайта ишлаш мажмуаси учун 116 дона тоғ-кон техникаси, технологик, лаборатория ва бошқа ускуналар олиб келиниб ўрнатилди. Бунинг натижасида гидрометаллургия заводининг 1-босқичи қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, завод ишга туширилди.
Айни пайтда Қизилтепа туманидаги “Тўдакўл” дам олиш базаси ҳудудида 100 ўринли Халқаро шахмат мактаби қурилиши якунланиб, фойдаланиш арафасида турибди.
“Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган чора-тадбирларга асосан, уч минг нафарга яқин комбинат пенсионерларига Жамоа шартномаси асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олишга 7,8 миллиард сўм, шунингдек, чекка ва чўл ҳудудларида яшовчи мингдан ортиқ кам таъминланган оила фарзандлари ва оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари учун болалар соғломлаштириш оромгоҳларига умумий қиймати 625 миллион сўм бўлган имтиёзли йўлланмалар ажратилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳаси доирасида эса 4 минг нафарга яқин комбинат ишчи-ходимларининг тарихий шаҳарларга саёҳатларини ташкил этишга 796 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Брифингда Давлат дастури юзасидан келгусида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
А.Бўриев, ЎзА