“NISHAN PHARM BUSINESS” МЧЖга қарашли дорихона лицензияси бекор қилинди – Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси
Тошкент туманлараро иқтисодий суди қарорига асосан “NISHAN PHARM BUSINESS” масъулияти чекланган жамиятига дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти учун 2022-йил 13 октябрда берилган 488-сонли лицензия бекор қилинди. Ҳамда мазкур дорихона лицензияси тугатилган дорихоналар манзиллари ва қонун бузилишларига бевосита алоқадор ходимлар (провизорлар, фармацевтлар)нинг ягона реестрига киритилди.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида мазкур дорихона фаолиятида амалдаги қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланган. Хусусан, мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган дори воситаларини сақлаш ва реализация қилиш ҳолатларига йўл қўйилгани, шунингдек лицензия талаблари ва шартларига риоя этилмагани маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасаси томонидан судга даъво аризаси киритилиб, суд томонидан иш ҳужжатлари, тақдим этилган далиллар ҳамда амалдаги қонунчилик нормалари ҳар томонлама ва холисона ўрганилди. Натижада даъво асосли деб топилиб, тегишли ҳуқуқий чора кўрилди.
Марказ матбуот хизмати хабарида қайт этилишича, давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида амалдаги қонунчиликка мувофиқ сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, сақлаш ҳамда уларни улгуржи ва чакана реализация қилиш қатъиян тақиқланади.
Ваколатли органлар томонидан фармацевтика соҳасида қонунийликни таъминлаш, адолатли рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда аҳолига сифатли ва хавфсиз дори воситаларини етказиб беришга қаратилган назорат чоралари бундан буён ҳам қатъий давом эттирилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА