Нега Фарғона вилоятида корхона ва ташкилотлар кўпаймоқда?
2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Фарғона вилоятида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони (деҳқон ва фермер хўжаликларисиз) 39,2 мингтани ташкил этди. Шундан 32,6 мингта ёки 83,1 фоизи кичик корхона ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келади. 2025 йилнинг мос даврига нисбатан корхона ва ташкилотлар сонининг ўсиш суръати 106,7 фоизни ташкил этди. Кичик бизнес ва микрофирмалар сонида эса ўсиш янада юқори бўлиб, 107,8 фоизга етди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг кўпайиб бораётгани ҳудудда ишбилармонлик муҳитининг яхшиланаётгани, янги иш ўринлари яратилаётгани ҳамда иқтисодий фаолликнинг ошиб бораётганидан далолат беради, албатта. Аммо бунда маҳалла еттилиги институти жорий қилингани ҳам муҳим ўрин тутади. Ҳозир уларнинг тарғибот-ташвиқоти, кредит олишдаги кўмаги туфайли кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар сони сезиларли даражада ўсди.
Корхона ва ташкилотлар сонининг кўпайиб бораётгани эса вилоят иқтисодиётининг диверсификациялашуви ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Қолаверса, яна бир ҳақиқат бор: бу вилоят раҳбарларининг хорижий ҳамкор, инвесторлар билан самарали мулоқотлари натижасидир. Масалан, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўнгги бир ҳафта ичида АҚШ, Япония, Корея Республикаси, Саудия Арабистони, Хитой каби мамлакатларнинг йирик компания вакиллари, ишбилармон доиралари, инвесторлари билан 27 марта учрашибди ва уларнинг барчаси Фарғонада ўз бизнесини очган ёки очишга қатъий қарор қилган инвесторлардир.

Корхона ва ташкилотлар Фарғона шаҳрида 7 073 та, Қўқон шаҳрида 3 939 та, Қувасой шаҳрида 1 509 та, Марғилон шаҳрида 2 823 та, Олтиариқ туманида 2 314 тага тўғри келади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА