Нега бир тилда гаплашмаймиз?
“Нега инсонлар бир тилда гаплашмайди?” Бу савол сизга ҳам қизиқми? Келинг, бу ҳақдаги фактларни ўрганамиз.
Тил бизга фикрларимиз, ғояларимиз, ҳис-туйғуларимиз ва ниятларимизни бошқалар билан баҳам кўриш имконини берадиган энг керакли, муҳим қурол. Минг йиллар давомида одамлар товушларга маълум маъно бериш учун турли хил усулларни, белгиларни яратишган ва шу орқали атрофдагиларга нима демоқчилигини тушунтирган.
Инсонлар узоқ вақтлардан бери турли тиллар орқали гаплашиш мавжудлиги сабабидан ҳайрон бўлиб келишган. Қадим замонларда одамлар бунга жавоб топиш учун тахминлар қилишган ёки турли ҳикоялар ўйлаб топишган.
Тилшунослар бу саволга илмий жавоб топишга кўп бора ҳаракат қилишган ва охири шундай фикрда тўхташган: “Аслида тилнинг аниқ қаердан келиб чиқиш сабабларини тўлиқ билиш имконсиз, лекин турли тиллар қандай пайдо бўлиши ва қандай ўзгариши ҳақида етарлича яхши тасаввурга эгамиз.”
Илмий маълумотларга кўра, тилларнинг турлича шаклланиши ва инсонлар нега ҳар хил тилда гаплашиши ҳақида етарлича асослар ва далиллар мавжуд.
Хўш, дастлабки белгилари қандай бўлган?
Географик ажралиш – бу инсонларнинг яшаш ҳудудига боғлиқ. Яъни, агар инсонлар бир ҳудудда яшаса, улар одатда бир тилда гаплашади. Аммо турли ҳудудларга кўчиб кетиши ёки тоғлар, дарёлар, денгизлар ортида яшаган инсонлар бошқа манзилдагилар билан мулоқот қилиш имкониятини йўқотиши натижасида аста-секин тиллардаги оҳанглар ўзгаради ва тиллар бир-биридан фарқ қила бошлайди.
Тарихий давр ва ижтимоий эҳтиёжлар – урушлар ва кўчишлар оқибатида инсонлар қабила, яъни тўда шаклда янги гуруҳларга ажралиб, ўз тилларини ўзларига мослаштиради. Узоқ вақт давомида бирга яшамаган гуруҳлар тилларини бир-бирига мослаштира олмайди, шунинг учун битта тилдан бир нечта янги тиллар пайдо бўлади.
Маданият ва урф-одат – ҳар бир миллат ёки инсон ўз урф-одатлари орқали тилини акс эттиради. Шу сабабли, ҳатто бир мамлакатда яшаётган инсонларнинг тили ёки оҳанги (шеваси) бир-биридан фарқ қилади.
Бугунги давр тиллари
Тарихдаги ушбу сабаблар натижасида бугунги кунда дунё бўйлаб 7 минг 170 та тил қўлланилади. Бу рақамлар доимий равишда ўзгариб туради, чунки инсонлар ҳар куни дунё тиллари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлмоқда ва уларни ўрганмоқда. Бу тилларнинг фақат бир қисми (359 таси) оммалашган бўлиб, миллионлаб одамлар томонидан ишлатилади. Улар орасида хитой, инглиз, испан ва ҳинд тиллари бор. Бу тилларда гаплашадиганлар дунё бўйича кўпчиликни ташкил қилади. Албатта, юқорида айтганимиздек, тилларнинг ўзи ҳам ўзгариб туради. Яъни, инсон эҳтиёжлари ва тез ўзгариб бораётган дунё янги сўзларнинг тўғилишига сабаб бўлади.

2025 йилги сўнгги маълумотларга кўра, дунёдаги энг катта 20 та тил жами 3,7 миллиарддан ортиқ одамнинг она тили ҳисобланади. Бу дунё тилларининг атиги 0,3 фоизини ташкил қилади. Иккинчи ва учинчи тил сифатида ўрганган сўзлашувчиларни ҳисобга олганда, инглиз тили дунёдаги энг кенг тарқалган тил ҳисобланади. Агар фақат она тилида сўзлашувчиларни инобатга олсак, дунёдаги энг кўп ўз тилида сўзлашувчиларга эга тил хитой тилидир. Аммо она тили ва иккинчи тил сифатида сўзлашувчиларни ҳисобласак, инглиз тили энг кенг тарқалган тил бўлиб келмоқда.
Глобал йўқолиб кетиш хавфи остидаги тиллар
Дунё бўйлаб 7 минг 168 та тирик тилдан 3078 таси ҳозирда йўқолиб кетиш хавфи остида. Тилшунос мутахассислар огоҳлантиришича, агар ҳеч қандай чоралар кўрилмаса, уларнинг 100 таси бир неча ўн йилликлар ичида йўқ бўлиб кетиши мумкин. Дарҳақиқат, ушбу ҳайратланарли рақамлар ортида тили йўқолиб бораётган халқларнинг гапириш, ёзиш ва ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқлари ҳам хавф остида қолмоқда. Бу жуда ачинарли ҳолат. Бу каби тилларнинг 80 фоизи (2484 таси) атиги 25 та мамлакатда мавжуд. Улардан энг кўп яхши сақланиб қолган ҳудудлар – Индонезия (425), Папуа-Янги Гвинея (312), Австралия (190) ва АҚШ ҳудудларидир. Агар ушбу Топ-25 мамлакат ҳукуматлари ўз ҳудудларидаги маҳаллий тилларни ҳимоя қилиш учун фаол чоралар кўрса, 100 ёки ҳатто 1000 та тилни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш мумкин. Бу эса инсониятнинг маданий бойлиги ва эркинлигини асрашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, инсонларнинг турли тилларда гаплашиши – бу тарихий, географик ва маданий омилларнинг натижаси. Тиллар инсониятнинг бой мероси бўлиб, улар орқали ҳар бир халқнинг тарихи, урф-одати ва дунёқараши акс этади. Бугунги глобаллашув даврида айрим тиллар кенг тарқалиб бораётган бўлса-да, кўплаб кичик тиллар йўқолиши ҳам мумкин. Шунинг учун тилларни асраб-авайлаш ва уларни кейинги авлодларга етказиш ҳар бир жамиятнинг муҳим вазифаларидан бири.
Меҳрибону ТЎЛҚИНОВА,
ЎзА