“Нефтчи” дарс берди, “Сўғдиёна” сабоқ ола билдими?
Суперлиганинг 13-турида Зоминда кечган “Сўғдиёна” – “Нефтчи” учрашуви мезбонлар учун шунчаки йирик мағлубият эмас, балки жиддий хулоса чиқаришга мажбур қиладиган аччиқ сабоқ бўлди. Исломбек Исмоилов бошчилигидаги “Нефтчи” майдонда ҳар жиҳатдан рақибидан устун эканини исботлади ва 5:1 ҳисобидаги ишончли ғалаба билан буни амалда намоён этди.
Учрашувнинг илк голини Петар Мичин киритди. Бироқ бу голни унинг юксак маҳорати маҳсули деб баҳолаш қийин. Аксинча, меҳмонлар дарвозабони Ботирали Эргашевнинг қўпол хатосидан унумли фойдаланилди, холос. Шу вазиятдан кейин эса Мичинга ташланган тўпларни қабул қилиш, ҳужумларни давом эттириш ёки жамоага етакчилик қилиш борасида деярли ижобий ҳаракат кузатилмади.
Шундан кейин майдонда ягона ҳукмрон куч “Нефтчи” бўлди. Иброҳимхалил Йўлдошов, Хуршид Ғиёсов, Стипе Перица, Анваржон Ғофуров ва Жамшид Искандеровнинг голлари фарғоналикларнинг нафақат ҳисобда, балки ўйин мазмунида ҳам мутлақ устунлигини тасдиқлади.

Бу ғалабада асосий омилни фақат тактика билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Албатта, Исломбек Исмоилов жамоани учрашувга пухта тайёрлагани кўриниб турди. Аммо бу баҳсда ҳал қилувчи фарқни, аввало, ижрочилар яратди. “Нефтчи” футболчилари ҳар бир эпизодда тезкор қарор қабул қилди, юқори суръатни сақлади, вазиятлардан самарали фойдаланди. “Сўғдиёна” эса деярли ҳар бир чизиқда рақибидан ортда қолди.

Бу ҳолат Улуғбек Бақоев бошчилигида ёзги трансфер ойнасида амалга оширилган селекцияга нисбатан ҳам жиддий саволларни кун тартибига чиқаради.
Катта умид билан жалб этилган Петар Мичин юқорида таъкидланганидек, дарвозабон хатосидан кейин гол урганини ҳисобга олмаганда, ҳужум чизиғида кутилган даражадаги ўйинни кўрсата олмади. Унга ташланган тўпларни қабул қилишда ҳам, ҳужумни давом эттиришда ҳам муваффақият кўзга ташланмади.
Зенан Займович эса ўтган турда нисбатан яхшироқ таассурот қолдирган бўлса, бу гал деярли бутун учрашув давомида кўринмади. Майдондаги ҳаракатлари легионер мақомига мутлақо муносиб эмасди. Айрим ҳолатларда у маҳаллий футболчилар даражасига ҳам ета олмагани яққол сезилди.

Забиҳуллоҳ Ўринбоев эса баҳснинг бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин бўлган энг қулай имкониятни йўққа чиқарди. Ҳисоб 1:0 бўлиб турган паллада деярли бўш қолган дарвозага 3–4 метр масофадан тўпни аниқ йўллай олмаган ҳужумчидан кейинги ҳал қилувчи вазиятларда қандай самара кутиш мумкин? Ана шу эпизоддан сўнг ўйиннинг руҳий устунлиги ҳам тўлиқ меҳмонлар томонига ўтиб кетди.
Жамшид Болтабоев ҳам учрашув давомида ўзини намоён эта олмади. Майдонда унинг ўйинидан ёдда қоларли ҳаракат топиш мушкул.
Дарвозабон Милан Митрович ҳам мухлислар кутган ишончни оқлай олмаяпти. Учрашувда ўтказиб юборилган беш голнинг камида иккитасида унинг хатолари ҳал қилувчи омилга айланди. Қайтариб олиб келинган тажрибали посбондан бундай ўйин эмас, аксинча, худди ўтган турда “Хоразм”га қарши ўйиндек, жамоани қутқарувчи ҳаракатлар кутилган эди.

Энг хавотирлиси, “Сўғдиёна” ҳали ҳам вазият жиддийлигини тўлиқ ҳис қилмаётгандек кўринади. Чемпионатнинг биринчи давраси тугашига атиги икки тур қолган. Мавсум деярли ярми ортда қолмоқда. Аммо жамоа ҳамон мусобақа жадвалининг хавфли ҳудудида қолмоқда. Бу эса энди тасодиф эмас, балки тизимли муаммолар борлигидан далолат.
Статистикага назар ташласак, “Нефтчи”нинг Жиззахдаги устунлиги яна бир бор тасдиқланди. Фарғоналиклар бу майдонда сўнгги йиллардаги муваффақиятли анъанасини давом эттирди. “Сўғдиёна” эса 2018 йилдан бери ўз майдонида “Нефтчи”ни мағлуб эта олмаётган нохуш серияни яна узайтиради.
Эндиликда жиззахликлар ҳиссиётга эмас, ҳақиқатга тик қарашлари шарт. Бу мағлубиятни ҳакамлик, омадсизлик ёки тасодиф билан изоҳлаш имкони йўқ. Майдонда қайси жамоа кучли бўлса, ўша ғалаба қилди. “Нефтчи” бугун ҳар бир чизиқда, ҳар бир позицияда ва ҳар бир қарорда рақибидан устун бўлди.

Улуғбек Бақоев, мураббийлар штаби, футболчилар ва клуб раҳбарияти ушбу учрашувдан тўғ-ри хулоса чиқармаса, мавсумнинг қолган қисми янада оғир кечиши мумкин. Чунки мухлислар мағлубиятга бир амаллаб чидаши мумкин, аммо нўноқликка эмас. Жиззахдаги бу 1:5 ҳисобидаги мағлубият бир ўйин тарихи сифатида эмас, балки “Сўғдиёна” учун кечиктириб бўлмайдиган ўзгаришлар зарурлигини кўрсатган қаттиқ огоҳлантириш сифатида эсда қолиши лозим.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири