НДУда корейс тили маркази фаолияти йўлга қўйилди
Навоий давлат университетида Корея Республикасининг Пучон университети ҳамкорлигида Корейс тили ва Корея маданияти маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Тадбирда университетлар ректорлари Муҳиддин Калонов ҳамда Жан Чун Су сўзга чиқиб, икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, талабалар учун яратилаётган янги имкониятлар ва таълим соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш масалалари хусусида фикр билдирди.
Таъкидланганидек, Марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги таълим ва халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш борасида муҳим қадамлардан биридир.
[gallery-31329]
– Бугунги кунда мамлакатингизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири таълим тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, уни халқаро стандартларга уйғунлаштириш ва ёшларга жаҳон таълим маконида ўз ўрнини топиши учун муносиб шароитлар яратишга қаратилаётганлиги билан аҳамиятлидир, – дейди Пучон университети ректори Жан Чун Су. – Айниқса, олий таълим соҳасида хорижий университетлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш, талабаларнинг хорижий тилларни пухта эгаллаши ва халқаро таълим дастурларида иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини кузатиб турибмиз. Ушбу марказ ёшлар учун аввало, замонавий таълим, халқаро ҳамкорлик ва янги имкониятлар маскани бўлади. Бу ерда талабалар корейс тилини чуқур ўрганиш билан бирга, Корея таълим тизими, маданияти ва илмий салоҳияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.
Албатта, бугунги ислоҳотлар жараёнида хорижий тилларни ўрганиш ёшлар учун нафақат билим, балки халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишнинг муҳим омилига айланмоқда. Корейс тили маркази талабаларнинг тил ўрганишлари билан бир қаторда, уларнинг Кореянинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олиш, академик мобиллик дастурларида иштирок этиш ва халқаро лойиҳаларда ўз салоҳиятини намоён этиши учун янги имкониятлар яратади.
Тадбир доирасида талабалар томонидан миллий либослар, амалий санъат асарлари кўргазмаси, миллий ва корейсча рақслар ва мусиқий чиқишлар намойиш этилди.
Тадбир сўнгида меҳмонлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари