Навоийда “Silk Road Uzbekistan” ва “Талаба югур” оммавий югуриш марафони ўтказилди
Навоий шаҳрида талаба ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида 3 километр масофага мўлжалланган “Silk Road Uzbekistan” ва “Талаба югур” оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.
Ислом Каримов шоҳкўчасидан старт олган мусобақада 5 мингдан ортиқ иштирокчи ва спортсевар ёшлар қатнашиб, марра сари ўз имкониятларини синаб кўрдилар.
Мазкур оммавий спорт тадбири мамлакатимизда ёшларни жисмонан соғлом, фаол ва баркамол этиб тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда спортни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантириш мақсадида ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда аҳоли, айниқса, ёшларни оммавий спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай тадбирлар нафақат жисмоний фаолликни ошириш, балки ёшларда ирода, чидамлилик, интизом, мақсад сари интилиш ва жамоавийлик каби муҳим фазилатларни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
– Ушбу марафонда талабалар ва ҳарбий хизматчиларнинг биргаликда иштирок этгани тадбирнинг ижтимоий аҳамиятини янада оширди, – дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Муртозаев. – Турли соҳа вакилларининг бир майдонда жам бўлиб, спорт орқали ўзаро беллашиши ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни фаол ҳаёт тарзига йўналтириш ва жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Югуришнинг оммавий спорт тури сифатида кенг тарғиб этилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. У махсус мураккаб шароит ёки катта харажат талаб қилмайдиган, турли ёш ва жисмоний тайёргарликдаги инсонлар шуғулланиши мумкин бўлган спорт турларидан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан, минглаб ёшларни қамраб олган марафонлар аҳоли ўртасида жисмоний фаоллик маданиятини шакллантиришнинг самарали усулларидан биридир. Бундай тадбирлар ёшларни спортга қизиқтириш билан бирга, уларда соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Белгиланган масофани босиб ўтиш ва маррага етиб бориш жараёнининг ўзи иштирокчилардан матонат ва қатъиятни талаб қилади. Бу эса спортнинг инсон тарбиясидаги муҳим аҳамиятини кўрсатади.
[gallery-31477]
Марафон якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари