Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Кармана тумани “Бешкент” МФЙ биносида Жиноят ишлари бўйича туман судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Суд мажлисида Пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаётган 23 нафар маҳкумга оид масалалар кўриб чиқилди. Шундан 21 нафари муддатидан илгари шартли равишда озод этилди, жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган 2 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазоси енгилроқ турдаги жазо билан алмаштирилди.

Жорий йил давомида Кармана тумани ИИБ Пробация гуруҳи томонидан 26 маротаба сайёр суд мажлиси ташкил этилиб, 258 нафар шахс муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган, 62 нафар маҳкумнинг жазоси енгилроқ жазо турига алмаштирилган.
Шунингдек, “Кибермаданиятни юксалтириш” ойлиги доирасида пробация назоратидаги шахслар билан учрашув ўтказилиб, уларни кибержиноятлардан огоҳ бўлиш ва интернетдан хавфсиз фойдаланиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
***
Навоий шаҳридаги Тинчлик маҳалласида жойлашган “INSTROYTORG NG” МЧЖ томонидан қоғоз қути ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳаси юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Унда Давлат экологик экспертизаси маркази Навоий вилоят филиали экспертлари, лойиҳа ташкилоти вакиллари ҳамда яқин ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар иштирок этди.
Тадбирда лойиҳа ҳужжатлари кўриб чиқилиб, корхона фаолиятининг атроф-муҳитга эҳтимолий таъсири муҳокама қилинди. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнлари ва қўлланиладиган технологиялар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Муҳокамалар якунида корхона масъулларига ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитга таъсирни камайтириш, экологик хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳамда давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган талаб ва шартларга қатъий риоя этиш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
***
Кармана туманида 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида туман газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан қизғин иш жараёнлари давом этмоқда.
Жумладан, “Катта Мачит” ва “Кўҳна Қўрғон” йўналишидаги ер усти Д-102 мм бўлган газ қувури ўрнига янгидан тортилган 1 километр Д-159 мм бўлган юқори босимли газ қувурини ишга тушириш жараёни давом этмоқда. Шунингдек, Катта мачит маҳалласи ҳудудида РДУК-100 русумли юқори босимли газ тақсимлаш қурилмаси ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа якунлангач, Кўҳна Қўрғон, Талқоқ, Катта мачит ва Мир Саид Баҳром маҳаллаларидаги жами 3 500 та аҳоли хонадонида табиий газ таъминоти янада яхшиланишига эришилади.
А. Бўриев,
ЎзА мухбири