Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навбаҳор тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан 3-сон умумий ўрта таълим мактабида “Даврага кел, дугонажон” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда иштирокчиларга ижод ва ҳунармандчилик сир-асрорлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.
Кекса онахонлар ёшларга ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлаб беришди ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тавсияларини берди.
Мазкур тадбир ёш қизларнинг баркамол шахс бўлиб вояга етишлари, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига хизмат қиладиган муҳим маънавий-маърифий учрашувлардан бири бўлди.



***
Нурота туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан “Сойкечар” оилавий шифокор пунктида хотин-қизлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Унда туман тиббиёт бирлашмасининг малакали мутахассислари томонидан акушер-гинеколог, терапевт, УЗИ ва ЭКГ текширувлари ўтказилди.
Тиббий кўрикда 145 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 72 та касаллик ҳолати аниқланди. Шундан 4 нафар беморга стационар, 65 нафарига амбулатор даволаниш тавсия этилди, қолган фуқароларга тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, уй шароитида даволанаётган ногиронлиги бўлган ва ётоқ ҳолатидаги беморлар ҳолидан ҳам хабар олиниб, зарур тиббий тавсиялар берилди.

***
Навоий шаҳар 1-сон спорт мактабида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида халқ ўйинлари спорт тури бўйича вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган 16-30 ёшдаги иқтидорли йигит-қизлар иштирок этиб, ўзларининг жисмоний тайёргарлиги ва маҳоратини намойиш этди.

Иштирокчилар тош кўтариш, арқон тортиш, арқонда сакраш, армрестлинг, мас-реслинг йўналишларда ўзаро беллашди.
Якунда барча йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, улар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири