Навбаҳорда замонавий сайилгоҳ барпо этилди
Навоий вилоятининг Навбаҳор тумани марказидаги Бобуршоҳ кўчаси драйвер лойиҳалар дастури доирасида тўлиқ реконструкция қилиниб, аҳоли учун замонавий ва қулай жамоат масканига айлантирилди.
Аҳоли учун замонавий дам олиш ҳудудини яратиш, фуқароларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига шароит яратиш, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида амалга оширилган лойиҳа доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан 2 километр узунликда пиёдалар йўлаги барпо этилди. Шунингдек, замонавий тунги ёритиш тизими ўрнатилиб, аҳоли учун қулай ўриндиқлар жойлаштирилди.

Ҳудудда иккита замонавий фаввора, LED экран, селфи ҳудуди, “NAVBAHOR” ёзувли стелла, турли декоратив безаклар, болалар майдончаси ҳамда спорт-соғломлаштиришга мўлжалланган воркаут майдончаси ташкил этилди.
Лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўча бўйлаб 11 та енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этилди. Айни пайтда ушбу объектлар туман аҳолиси ва меҳмонларига куну тун сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, мазкур ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун ҳам қўшимча имкониятлар яратилди. Натижада уларнинг хизмат турлари кенгайиб, фаолият кўлами янада ошди.

Бобуршоҳ кўчасидаги янгиланишлар бугун нафақат туманнинг архитектуравий қиёфасини безаб турибди, балки аҳоли турмуш сифати, хизмат кўрсатиш маданияти ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири