“Навбаҳор” сафида янги футболчи
Жамоадаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, клуб раҳбарияти ганалик тўпурар ҳужумчи Жоэл Кожо билан шартнома имзолади.
Ўзбекистон суперлигасида юзага келган айни танаффус даврида Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларини ўтказаётган Наманганнинг “Навбаҳор” клуби назорат учрашувларига эътибор қаратмоқда.
Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, “Лочинлар” дастлабки синов баҳсида Озарбайжоннинг “Зира” клубини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. “Навбаҳор” сафида голларни Диёр Холматов, Қувондиқ Рўзиев ва Муҳаммадали Усмонов киритишди.
Қайд этиш жоизки, “Зира” клуби Озарбайжон чемпионатида уч бор кумуш медалга сазовор бўлган, хусусан, ўтган мавсумни иккинчи ўрин билан якунлаган.
Темур Кападзе шогирдлари навбатдаги учрашувни 2 июль куни Туркия чемпионати иштирокчиси – ҳамюртларимиз Аббос Файзуллаев ва Элдор Шомуродовлар тўп тепаётган “Башакшеҳир” жамоасига қарши майдонга тушади. Истанбулликлар 2020 йилда жумҳурият чемпионлигини, икки бор эса вице-чемпионликни қўлга киритган.

Жамоадаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, клуб раҳбарияти ганалик тўпурар ҳужумчи Жоэл Кожо билан шартнома имзолади. Яқинда 28 ёшга тўладиган Жоэл Кожо ўз фаолияти давомида Қирғизистоннинг “Алай”, “Дордои”, Самарқанднинг “Динамо”, Фарғонанинг “Нефтчи” ва Эроннинг “Истиқлол” жамоаларида ҳаракат қилган. Жоэл Кожо Қирғиз Республикаси миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, африкалик “форвард” мамлакат суперлигасида сўнгги учрашувини 2025 йил октябрь ойида “Нефтчи” сафида Ғузорнинг “Шўртан” клубига қарши ўтказиб, жиддий жароҳат олганди. Шундан бери у жароҳатдан тикланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА