«Навбаҳор» муҳим ўйинда ғалаба қозонди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 22-турида «Навбаҳор» ўз майдонида «Динамо»ни қабул қилди.
Намангандаги «Марказий» стадионда кечган баҳсда мезбонлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувнинг 7-дақиқасида Азиз Амонов гол уриб, «Динамо»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 21-дақиқада Шоҳруҳ Абдураҳмонов ҳисобни тенглаштирди. Орадан тўрт дақиқа ўтиб, Жалолиддин Жумабоев меҳмонларни яна олдинга олиб чиқди.
Бироқ «Навбаҳор» биринчи бўлим якунига қадар ҳисобни ўз фойдасига ўзгартирди. Аввалига 39-дақиқада Гиорги Жгереная ҳисобни тенглаштирган бўлса, 41-дақиқада Шоҳруҳ Абдураҳмонов Руслан Жияновнинг узатмасидан унумли фойдаланиб, ўзининг иккинчи голини урди.
Шу тариқа, «Навбаҳор» очколарини 44 тага етказди. «Динамо» эса 30 очко билан қолди.
Суперлига 22-туридан ўрин олган яна икки учрашув 19 сентябрь куни ўтказилади. Жумладан, «Машъал» — «Пахтакор» баҳси Ғузорда соат 18:00 да, «Бунёдкор» — «Бухоро» учрашуви эса Тошкентдаги «Жар» стадионида соат 20:15 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА