Нав гувоҳномаси тақдим этилади
Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 19 февралдаги “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларимизда кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 19 февралдаги “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларимизда кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилди.Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, жорий йилда 8 минг 200 гектардан кўпроқ майдонда янги боғ, 5 минг 800 гектарда узумзор яратилади. Туман ва шаҳарлар маркази, аҳоли турар жойлари, йўл бўйлари ва хиёбонларга минглаб кўчат ва қаламчалар, гуллар ва буталар экилади.
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти кўчат экиш, ён-атрофини обод этиш истагидаги юртдошларимизга яқиндан ёрдам бермоқда. Илмий жамоа баҳорда жойларга етказиб бериш учун 4 миллион донадан кўпроқ манзарали ва мевали дарахт, ток ҳамда гул кўчатларини тайёрлади. Улар юртимиз иқлим шароитига мослиги, серҳосиллиги ва чиройли манзараси билан ажралиб туради.
– Кўчатнинг бўйи ўртача 1,5 метр, навдалари силлиқ ва узун, куртаклари орасидаги масофа бир хил бўлгани яхши, – дейди институт бўлим бошлиғи Равшан Абдуллаев. – Бу кўчатнинг барча агротехника қоидаларига мувофиқ етиштирилганидан далолат. Навдалари калта, улардаги куртаклар ораси жуда яқин бўлса, кўчат “қийналган”идан дарак беради, яъни у меъёрида ривожланмаган бўлади. Илдизлари ҳам етарли даражада йўғон ва 3-4 тадан кам бўлмаслиги керак. Устки қисми илдиз бўғизидан 60-70 сантиметр баландликда 3-4 тадан шохлаган бўлиши лозим. Пайвандтаг билан пайвандустнинг ўлчами бир хил бўлган кўчат сифатли ҳисобланади. Шундай кўчат танланса дарахтнинг умри узоқ бўлади, яхши ҳосил беради.
Жорий йилдан институт ва унинг филиалларидан харид қилинган ҳар бир кўчат учун нав гувоҳномаси ҳам тақдим этилмоқда. Бу ниҳолга ўзига хос кафолатдир. Бозордан кўчат олган киши тажрибали деҳқон бўлмаса, алданиб қолиши мумкин. Масалан, шафтоли ва ўрик кўчатлари бир-бирига ўхшагани боис ҳамма ҳам уларни дарров ажратолмайди.
Айни вақтда баҳорнинг ҳар кунини ғанимат билган боғбонлар боғ ва токзорларга шакл бериш, суғориш, минерал ва маҳаллий ўғитлар солиш каби агротехник тадбирларни бажармоқда.
– Баҳор инсоннинг табиатга бўлган меҳрини синовчи палла, – дейди Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Миришкор Сайфуддинова Хонзода” фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Сайфуддинов. – Бу даврда ҳар биримизда гул ва дарахт экиш, уларни парваришлаш завқи ортади. 20 гектар интенсив боғимизда баҳор юмушларини бошлаб юбордик. Юртимизда ўсадиган, деярли йўқолиб кетиш арафасида турган ўсимликлардан намуналар олиб, кўпайтираяпмиз.
Хўжаликда олма, гилос, олча, нок каби меваларни етиштириш билан бир қаторда арча, қарағай, оқ қайин, каштан, қайрағоч каби манзарали дарахтлар ҳам кўпайтирилмоқда. Хўжаликнинг икки гектар тажриба кўчатхонасида Марказий Осиё, Европа, Шимолий Америка ва Узоқ Шарқ мамлакатларидан келтирилган антиқа ўсимликлар ҳам мавжуд. Анвойи атиргул кўчатлари ўз жозибаси ва фусункорлиги билан Голландия ва Бельгияда етиштириладиган худди шундай ниҳоллардан асло кам эмас. Жамоа ўтган йили маҳаллий буюртмаларни таъминлаш баробарида, қарийб 30 минг долларлик экспорт амалиётини бажаргани ҳам ана шундан далолатдир.
Жорий йилда фермер хўжалигининг 20 гектар кўчатхонасида ноёб гуллардан 100 минг дона, мевали ва манзаралари дарахтлардан 50 минг донадан зиёд кўчат етиштирилди.
Эзгу ниятлар билан экилаётган ҳар бир дарахт боғ-роғларимизнинг янада кенгайишига, юртимиз ободлиги ва бозорларимиз фаровонлигига ҳисса бўлиб қўшилади.