НАТО Бош котиби: Путин қийин аҳволга тушиб қолди (+видео)
НАТО Бош котиби Марк Рютте Дания разведка хизмати огоҳлантиришидан сўнг альянс Россиянинг гибрид ҳужумига жавоб беришга тайёр эканини билдирди. Пентагон раҳбари Пит Хегсет Европадаги иттифоқчиларни қитъа мудофаасида етакчиликни зиммасига олишга чақирди, деб хабар берди "Euroneus".
– НАТО Европа бўйлаб диверсия ва дрондан фойдаланилган ҳужумга жавоб беришга тайёр ва бундай таҳдидга қарши чора кўриш режасини аллақачон ишлаб чиққан, – деди Рютте. – Альянс давлатларига гибрид ҳужум кўпайиб бораётгани Киевга қарши урушда Россия ғалаба қозонаётганини англатмайди. Путин қийин аҳволга тушиб қолди. РФ Украинадаги позициясини йўқотмоқда. Шунинг учун аъзо давлатлар фуқаролари хавотирланмаслиги керак. Русларга таъсир қилишни истасак, Украинага кўпроқ ёрдам кўрсатишимиз керак.
Ушбу баёнот Дания разведка хизмати Россиянинг НАТО давлатларига қарши ҳарбий ҳаракати, жумладан янги гибрид ҳужум хавфи ортиб бораётганидан огоҳлантиргандан сўнг янгради.
Айни пайт АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет иттифоқчилар Европани ҳимоя қилишда етакчиликни зиммасига олиши кераклигини айтиб, НАТОни кучли ҳарбий тузилмага айлантиришга чақирди.
НАТО давлатлари мудофаа вазирлари учрашувида сўзга чиққан Хегсет ҳарбий имкониятни кучайтириш ва Европага таҳдидни жиловлашга қаратилган концепция тақдим этди.
– Альянс ҳақиқий ҳарбий имкониятга эга бўлиши, Европанинг ядровий бўлмаган мудофаасида етакчи ўрин тутиши керак, – деди у.
Шимолий Атлантика шартномаси 5-моддасига кўра, бир аъзо давлатга қилинган ҳужум бутун альянс ҳужум сифатида қабул қилинади. Фақат бу меъёр иттифоқчиларнинг бевосита ҳарбий аралашуви мажбуриятини англатмайди.
Маълумки, НАТОда энг кучли ҳарбий тизимга эга АҚШ Европанинг ядровий бўлмаган мудофаасидаги аҳамиятини сусайтиришга интилмоқда. Шу билан бирга Вашингтон кўҳна қитъада жойлаштирилган ядровий қуролларни олиб чиқиш режасини тузмаган.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, (видео) ЎзА