Наркокурьерлар қўлга олинди
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлинмалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
Хусусан, “Фарғона – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси пойтахтга кириш қисмида жойлашган “Шарқ” ЙПХ масканида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Жараёнда автомашинадаги йўловчи сифатида кетаётган фуқарога тегишли қўл юклари орасида 102 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси, шунингдек 3 та ўрамга жойланган, жами 168 дона капсуладан иборат “Регапен 300 мг” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 апрель куни Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Унга кўра, ҳудуддаги йўлда ҳаракатланаётган оқ рангли “Spark” автомашинаси тўхтатилиб, ҳайдовчи Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро А.Д. бошқарувида бўлган автомашина холислар иштирокида текширилди. Унда 13 дона “Зардекс” психотроп дори воситаси аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Олиб борилган суриштирув тадбирлари давомида А.Д. ушбу дори воситаларини ўзига олдиндан таниш Р.А. дан сотиб олганлиги маълум бўлди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, 21 апрель куни 66 дона “Зардекс” психотроп дорисини сотаётган вақтида Р.А. жиноят устида қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

А. Мусаев, ЎзА