Наманганда жаҳон бозори учун рақобатбардош тикув маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятидаги “Ифтихор кийим саноат” кластерида жаҳоннинг машҳур брендлари буюртмалари асосида тайёр тикув маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада тикилган кийимлар Европа мамлакатлари бозорларига экспорт қилинмоқда.
Кластерда “хомашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида иш ташкил этилган бўлиб, пахта етиштиришдан тортиб, ип-калава, мато ва тайёр тикув маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ технологик жараён йўлга қўйилган.
[gallery-30831]
Умумий қиймати 185 миллион евро бўлган лойиҳанинг биринчи ва иккинчи босқичлари фойдаланишга топширилган. Айни пайтда корхонада 2 мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.
Корхона раҳбарияти маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида 10 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилиб, қарийб 700 минг дона эркаклар ва аёллар кийимлари тайёрланди. Германия, Польша, Туркия, Миср, Хитой ва Россияга жами 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50 фоизга ошди.
Шунингдек, кластер томонидан Норин, Уйчи, Учқўрғон, Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманларидаги 400 дан ортиқ фермер хўжаликлари билан тузилган фьючерс шартномалари асосида пахта хомашёси қабул қилинмоқда.
Суратларда: “Ифтихор кийим саноат” кластеридаги ишлаб чиқариш жараёнлари.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА