Наманганда тиббиётни рақамлаштириш ишлари таҳлил қилинди
Ҳудудларда пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи 14 та шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмасида касса модули ишга туширилиб, фаолият электрон назоратга ўтказилди. 78 та тиббиёт муассасасида “Muxlisa AI” ва “TOP-3” сунъий интеллект тизимлари жорий қилинди.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Олим Омонов наманганлик тиббиёт муассасаларининг масъул мутасаддилари, ахборот коммуникация технологиялари ходимлари – операторлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказди.


Учрашувда қайд этилганидек, бугунги кунда Наманган вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш жараёнларида соҳани рақамлаштириш, электрон ахборот тизимларини кенг жорий этиш ва тиббий хизматларни шу асосда назорат қилиш бўйича кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буни шу вақтгача вилоятдаги барча давлат тиббиёт муассасалари ҳамда 440 га яқин дорихона ва 390 дан ортиқ хусусий клиника “DMED” тизимига улангани ҳам тасдиқлаб турибди.

Тадбирда шу каби ютуқлар эътироф этилгани ҳолда, муайян хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, айрим “IT”-операторларда ўз устида ишламаслик ҳолатлари учраётгани, рақамли хизматлар сифатини оширишда хатоликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди.

Айни шундан келиб чиққан ҳолда, мулоқотда рақамли трансформация жараёнларини изчил давом эттириш, замонавий ахборот технологияларини амалиётга кенг татбиқ қилиш, масъул ходимларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва рақамли хизматлар сифатини оширишга доир устувор вазифалар белгилаб олинди. Масъулларга мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Учрашув якунида, рақамлаштириш жараёнларида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ операторлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.