Наманганда МИБ ходимлари ўзаро баҳслашди
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида мини футбол бўйича мусобақа ўтказилди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда МИБ вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимларида 340 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Ходимлар ҳафтада икки маротаба ишдан сўнг ўзлари қизиққан спорт билан шуғулланишмоқда. Айниқса, бюро органлари ходимлари ўртасида турли спорт мусобақалари мунтазам ташкил этилмоқда.
Навбатдаги турнирда тизимдаги бошқарма ва бўлимлардан иборат ҳаваскор жамоалар майдонга тушдилар. 1-сонли футбол маҳорати мактабига қарашли замонавий майдонларда кечган муросасиз баҳслар барчада қизиқиш уйғотди. Айниқса, ярим финал ва финал беллашувлари шиддаткор руҳда кечди. Ярим финалда Наманган шаҳри, Учқўрғон, Давлатобод ва Янгиқўрғон туманлари жамоалари ўзаро куч синашди.

Мусобақанинг ҳал қилувчи финал учрашувига чиққан бюронинг Учқўрғон тумани бўлими вакиллари дарвозасига жавобсиз саккизта гол урган МИБ Наманган шаҳар бўлими жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Финалда енгилган учқўрғонликлар иккинчи ўрин билан кифояланди. Давлатобод тумани жамоаси эса фахрли учинчи поғонадан жой олди.
Турнир якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ҳимоячи”, “Энг яхши тўпурар” каби номинация соҳибларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА