Наманганда картинг бўйича Ўзбекистон кубоги ғолиблари аниқланди
Наманган вилояти Учқўрғон туманида картинг пойгаси бўйича очиқ Ўзбекистон кубогининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Учқўрғон туманидаги «Ватанпарвар» ташкилотига қарашли ўқув-спорт техника клуби картадромида ўтказилган мусобақада республикамизнинг турли ҳудудларидан келган тўққизта жамоа таркибида 117 нафардан зиёд спортчи «Микро», «Мини», «Супермини», «ОК-жуниор», «Патриот», «КФ», «КЗ» ҳамда «Т-4 Патриот ўсмирлар» синфларида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Қизғин ва муросасиз кечган пойгалар якунига кўра, жамоавий ҳисобда Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани ўқув-спорт техника клуби жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Тошкент вилоятининг Ангрен тумани ўқув-спорт техника клуби жамоаси иккинчи, Тошкент шаҳрининг Миробод тумани ўқув-спорт техника клуби жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.
[gallery-31876]
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига диплом ва медаллар, шунингдек, Ўзбекистон кубоги тантанали равишда топширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА