Наманганда газ таъминотига 3,5 миллиард сўмлик зарар етказилгани фош этилди
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ташаббуси билан республикамизнинг барча ҳудудларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Наманган вилоятининг Чуст туманида “Ҳудудгаз Наманган” газ таъмноти филиали комплаенс назорат тузилмалари, “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқ-тартибот органлари иштирокида ўтказилган рейдлар давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Камарсада маҳалласида жойлашган фуқаро Р. Қ. га қарашли умумий овқатланиш масканида хатлов ўтказилганда лойиҳа-техник ҳужжатларисиз табиий газ тармоғига эскирган ҳисоблагич орқали уланган “зангори ёқилғи”дан фойдаланаётгани аниқланди. Ҳолат юзасидан 1 миллиард 990 миллион сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Тумандаги яна бир емакхонада худди шундай ноқонуний ҳолат қайд этилди. Фуқаро Б. А. га тегишли жойда таъминот корхонаси билан шартнома тузмасдан табиий газдан фойдаланиб келинаётгани маълум бўлди. Истеъмолчи томонидан 3 миллиард 390 миллион сўмлик зарар етказилган.
Ҳолатларга оид барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА