Наманганда аҳолига 35 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 июлида ёқилғи-энергетика тармоғидаги келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида суюлтирилган газдан фойдаланиш рақамлаштирилиб, тартибга келтирилган бўлса-да, ўз вақтида ва кафолатли етказиб бериш масаласи тўлиқ ҳал этилмагани қайд этилиб, хонадонларнинг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, газ баллонлари ҳажмини табақалаштириш таклиф қилинди.
Аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз ва сифатли таъминлаш коммунал хизмат кўрсатиш идоралари олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Бинобарин, бу "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, тизимда эришилаётган ҳар бир натижа ва рақам замирида машаққатли меҳнат ётади. Айни пайтда вилоятда суюлтирилган газни истеъмолчиларга манзилли ва шаффоф етказиб бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда суюлтирилган газ истеъмолчиларининг 61 фоизини қамраб олган ҳолда, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида 754 та маҳалладаги 488 минг 83 нафар истеъмолчига “Face ID” тизими асосида жами 35 минг 472,53 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

– Эътиборлиси шундаки, янги рақамлаштириш тизими газ баллонларини тарқатиш хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда маҳсулотнинг бевосита ҳақиқий истеъмолчига етиб боришини назорат қилиш имконини бермоқда, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали суюлтирилган газ таъминоти бўйича директор ўринбосари Муроджон Хўжаев. – Етказиб берилган суюлтирилган газ ҳажмини ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, энг кўп таъминот Наманган шаҳри (3 533,86 тонна), Норин (3 510,18 тонна), Тўрақўрғон (3 343,80 тонна), Косонсой (3 285,84 тонна), Уйчи (3 232,88 тонна) ва Янгиқўрғон (3 099,82 тонна) туманлари ҳиссасига тўғри келди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири