Наманганда 6 нафар ёшга янги хонадонлар калити топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Наманган вилоятида 6 нафар ёшга «Orzu City» турар-жой мажмуасидан замонавий хонадонлар калитлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда нуронийлар иштирок этиб, янги хонадонларда яратилган шароитлар билан танишди ва ёшларга эзгу тилаклар билдирди.
[gallery-31194]
Маълум қилинишича, жорий йилда вилоятда давлат кўмагига муҳтож 28 нафар йигит-қизни замонавий уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, вилоятда «Ёшларга ҳамроҳлик» дастури доирасида ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилда 79 нафар ёш олий таълим муассасаларига кириш учун тайёрлов курсларига йўналтирилди, 5 нафар талабанинг шартнома тўлови қоплаб берилди, 75 нафар ёш ҳайдовчилик гувоҳномаси олишига кўмаклашилди, 23 нафар йигит ҳарбий хизматга йўлланма олди. Шунингдек, 61 нафар бола зарур кийим-кечак билан таъминланди, ота-онаси хорижда бўлган 4 минг 296 нафар болага маънавий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Таъкидланганидек, бундай ташаббуслар ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйиши учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА