"Музейлараро 90 кун" лойиҳасига старт берилди
Мамлакатимиз музейларининг экспозицияси ғоят бой ва бетакрор. Юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар, олим ва экспертлар буни кўп бора эътироф этади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши юртимизнинг тарихи, аждодларимизнинг маънавий мероси нечоғли шонли ва бетакрор эканини жаҳонга намойиш этмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Музейлараро 90 кун” маънавий-маърифий экскурсиялар лойиҳасига расман старт берилди.

Лойиҳа доирасида маҳалла фаоллари, ёшлар, ўқувчилар, талабалар ҳамда педагоглар мамлакатимизнинг муҳим тарихий ва маънавий масканларига ташриф буюриб, миллий тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси, Ватан ҳимоячилари хотираси ҳамда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар билан яқиндан танишади.

Экскурсиялар Темурийлар тарихи давлат музейи, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи каби манзилларда ташкил этилди.
“Музейлараро 90 кун” лойиҳаси ёшлар ва кенг жамоатчиликнинг тарихий хотирасини мустаҳкамлаш, маънавий дунёқарашини бойитиш ҳамда ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА