Мутафаккирларимиз меросининг бугунги аҳамияти
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан “Маърифатли жамият қуриш жараёнида Шарқ мутафаккирлари илмий-маънавий меросининг аҳамияти” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Конференцияда сўзга чиққан Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш жараёни жамиятимизда жадал кечаётганини таъкидлади. Бунда илмий фаолияти маънавият соҳасига бевосита дахлдор бўлган олимлар – тарихчи ва файласуфлар, филолог ва психологлар, педагог ва сиёсатшуносларни ягона мақсад атрофида бирлаштириб, аллома аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Янги-янги ғоялар, баҳс ва мунозараларга сабаб бўлиб, мамлакатимизда маърифатли инсонларнинг дунёқараши кенгайиши ҳамда илм-маърифатнинг жамиятдаги мақоми янада кўтарилишига ижобий таъсир кўрсатади.
Мазкур илмий-амалий конференция Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтаришда буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси, уларнинг инсонпарварлик ғояларидан унумли фойдаланиш, хусусан, Шарқ фалсафаси: тарих ва таълимот, миллий маънавият тарихи, маърифатли жамиятнинг тарихий-фалсафий негизлари, Шарқ мутафаккирларининг ижтимоий-сиёсий қарашлари, мумтоз адабиётни ўрганиш муаммолари ҳамда ижтимоий фанларни ўқитиш методикаси каби илмий муаммолар таҳлилига бағишланди.
Анжуманда сўзга чиққан маърузачилар томонидан Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишда биринчи ва иккинчи Ренессанс даври алломаларининг ғоялари, қарашлари ва маънавий дунёқарашидан фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
Темур ва темурийлар давридаги Ренессанс натижаларининг бугун ҳам долзарблиги, маънавий меросимиз олдидаги фуқаролар масъулияти, Учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини тушуниб етиш каби мавзулар юзасидан атрофлича фикрлар билдирилди.
“Маърифатли жамият қуриш жараёнида Шарқ мутафаккирлари илмий-маънавий меросининг аҳамияти” мавзусида Республика илмий-амалий конференциясига 300 дан ортиқ мақолалар келиб тушган бўлиб, уларнинг орасидан энг мазмунли ва таҳлилий ёзилган 58 та мақола сараланиб алоҳида тўплам ҳолида нашр этилди. Конференцияда “Энг яхши мазмунли мақола”, “Энг яхши таҳлилий мақола”, “Энг долзарб мавзудаги мақола” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Конференция ишида профессор-ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассислар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, докторантлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Н.Усмонова, ЎзА