Мустақилликнинг 35 йиллиги – адлия тизимидаги 35 муҳим ислоҳот
Мустақиллик Ўзбекистон адлия тизимида нималарни ўзгартирди? Қуйида Адлия вазирлиги тизимида амалга оширилган энг муҳим 35 ислоҳот билан танишинг:
1. Қонун устуворлиги ва очиқлик: идоравий ҳужжатлар устидан ҳуқуқий назорат ўрнатилди. 1993 йилдан бошлаб вазирлик ва идораларнинг умуммажбурий тусдаги идоравий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилди.
2. Lex.uz қонунчиликнинг ягона электрон манбаига айланди: 2010 йилдан мазкур базасидан бепул фойдаланиш имконияти яратилди. 2017 йилда унга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилди.
3. Ҳужжат лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси жорий қилинди: Regulation.adliya.uz портали орқали фуқаролар, тадбиркорлар ва мутахассислар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари билан танишиши ҳамда уларга бевосита таклиф билдириши мумкин бўлди.
4. Норма ижодкорлиги рақамлаштирилди: ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш, манфаатдор ташкилотлар билан келишиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш электрон тизимга (loyiha.adliya.uz) ўтказилди. Янги талабларнинг аҳоли, тадбиркорлик ва экологияга таъсирини олдиндан баҳолаш амалиёти жорий қилинди.
5. Коррупцияга қарши ва гендер-ҳуқуқий экспертиза йўлга қўйилди: ҳужжат лойиҳаларидаги коррупциявий омиллар, ҳуқуқий бўшлиқлар ва тенглик принципига зид нормаларни ҳужжат қабул қилинишидан олдин бартараф этиш механизми яратилди.
6. Қонунчилик базаси тизимлаштирилди: эскирган, такрорланувчи ва ўзаро зид ҳуқуқий нормаларни бекор қилиш орқали қонунчилик базаси ихчамлаштирилди.
7. Ҳокимлик қарорлари “E-qaror” тизимига ўтказилди: маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, қабул қилиш ва эълон қилиш жараёнлари электронлаштирилди.
8. “Ijro.gov.uz” орқали ижро интизомининг янги тизими яратилди: қонунчилик ҳужжатлари ва давлат раҳбари топшириқларининг ўз вақтида, тўлиқ ҳамда сифатли бажарилиши электрон назоратга олинди.
9. Лицензия ва рухсатномалар электрон шаклга ўтказилди: “Лицензия” ахборот тизими орқали ариза топшириш, унинг кўриб чиқилишини кузатиш ва якуний ҳужжатни электрон олиш имконияти яратилди.
10. Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона реестри яратилди: тадбиркор бажариши шарт бўлган талаблар ягона очиқ электрон манбага жамланди. Бу яширин, ноаниқ ёки турли идоралар томонидан турлича талқин қилинадиган талабларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
11. Адлия ва давлат хизматлари аҳолига яқинлашди: туман ва шаҳар адлия бўлимлари ташкил этилди. 2018 йилдан адлия органлари фаолияти туман ва шаҳарлар даражасига туширилди. Натижада фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини жойида ўрганиш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш имконияти кенгайди.
12. Давлат хизматлари марказларининг миллий тармоғи яратилди: илгари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган “ягона дарча” марказлари универсал давлат хизматлари марказларига айлантирилди. Фуқаролар турли идораларга қатнаш ўрнига хизматларни битта манзилдан олиш имконига эга бўлди.
13. Давлат хизматлари сони кескин оширилди: кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 2018 йилдаги 37 тада 2026 йилда 1 минг 30 тага етказилди.
14. Давлат хизматларининг 78 фоизи онлайн шаклда ўтказилди: хизмат олиш учун давлат идорасига бориш зарурати тобора камаймоқда. Фуқаролар кўплаб хизматлардан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали уйдан чиқмаган ҳолда фойдаланмоқда.
15. Экстерриториал хизмат кўрсатиш жорий қилинди: фуқаролар кўплаб давлат хизматларини доимий рўйхатда турган жойидан ташқари исталган давлат хизматлари марказида фойдаланиши мумкин.
16. Бизнесни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилди: тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш электрон ва “ягона дарча” тамойили асосида амалга ошириладиган бўлди. Бизнес бошлаш учун зарур бўлган вақт ва ҳужжатлар сони сезиларли даражада қисқарди.
17. Ҳужжатсиз ва сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди: Face-ID орқали фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз аниқлаш имконияти яратилди. Шунингдек, кекса, ногиронлиги бўлган ва ҳаракатланиши чекланган шахсларга жойига чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.
18. Проактив ва композит хизматлар жорий қилинди: битта мурожаат асосида бир нечта давлат хизматини олиш имконияти яратилди. Айрим хизматлар эса фуқаронинг ҳаётида муайян воқеа юз бериши билан алоҳида мурожаатсиз кўрсатилмоқда.
19. ФҲДЁ хизматлари рақамлаштирилди: “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” яратилди. Туғилиш, никоҳ, никоҳдан ажралиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувлари ягона рақамли базага бирлаштирилди.
20. Туғилиш ва ўлимни тиббиёт муассасаси орқали қайд этиш йўлга қўйилди: тиббиёт муассасалари ва ФҲДЁ органлари ўртасидаги электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. Натижада ота-оналар ёки марҳумнинг яқинлари бир хил маълумотларни турли идораларга қайта тақдим этишдан озод бўлди.
21. ФҲДЁ хизматлари онлайн шаклга ўтказилди: никоҳга ариза бериш, такрорий гувоҳнома олиш, никоҳда туриши ёки турмаслиги, туғилганлик ва бошқа ҳолатлар бўйича маълумотномаларни электрон тарзда олиш имконияти яратилди.
22. Нотариат тизими янги босқичга кўтарилди: хусусий нотариат тизими жорий қилинди. Натижада нотариуслар сони кўпайиб, хизмат кўрсатишда рақобат, тезкорлик ва қулайлик ошди.
23. “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилди: нотариуслар зарур маълумотларни давлат органларининг электрон базаларидан мустақил оладиган бўлди. Натижада фуқаролардан талаб қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотномалар сони кескин камайди.
24. Масофавий нотариал ҳаракатлар йўлга қўйилди: айрим нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа ва бошқа масофавий усуллар орқали расмийлаштириш имконияти яратилди.
25. Ягона электрон нотариал архив шакллантирилди: кўчмас мулк, мерос ва бошқа битимларга оид ҳужжатларни рақамли сақлаш тизими яратилди. Бу ҳужжатларнинг йўқолиши, шикастланиши ёки сохталаштирилиши билан боғлиқ хавфларни камайтирди.
26. Ҳуқуқий ёрдам олиш имконияти кенгайтирилди: юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди. Бюджет ташкилотларининг ҳужжатлари “Э-ҳуқуқшунос” тизими орқали марказлашган ҳолда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмоқда.
27. Бепул бирламчи ҳуқуқий ёрдам тизими яратилди: Advice.uz портали ва “Мадад” ҳуқуқий маслаҳат бюролари орқали фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат берилмоқда. Ариза, шикоят ва судга тақдим қилинадиган бошқа ҳужжатларни тайёрлашга кўмаклашилмоқда.
28. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш кафолатланди: кам таъминланган ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа шахслар давлат ҳисобидан адвокат ёрдамини олиш имконига эга бўлди. Адвокатлар “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали автоматик равишда танланмоқда.
29. Медиация институти ривожлантирилди: оилавий, мулкий, меҳнат ва бошқа низоларни судга бормасдан, қисқа муддатда ва кам харажат билан ҳал қилиш имконияти кенгайди. Профессионал медиаторлар тизими ва уларнинг очиқ реестри яратилди.
30. Ҳуқуқий ҳимоянинг янги йўналишлари шаклланди: Интеллектуал мулк тизими Адлия вазирлигига интеграция қилинди
Товар белгилари, ихтиролар, саноат намуналари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнлари рақамлаштирилди. Муаллифлар, ихтирочилар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизми кучайтирилди.
31. ННТлар учун “e-ngo.uz” портали яратилди: нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, йиллик ҳисоботларни тақдим этиш ва бошқа жараёнлар электрон шаклга ўтказилди. Бу фуқаролик жамияти институтлари учун ортиқча маъмурий тартибларни камайтирди.
32. Юридик таълимнинг узлуксиз тизими шакллантирилди: Тошкент давлат юридик университети, юридик техникумлар ҳамда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти орқали юридик кадрларни тайёрлашнинг яхлит тизими яратилди.
33. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди: суд экспертизаси соҳасида муқобил хизматлар ва соғлом рақобат муҳити шаклланди. Фуқаролар ҳамда ташкилотлар айрим экспертиза турлари бўйича нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига мурожаат қилиш имконига эга бўлди.
34. Архив хизматлари рақамлаштирилди: архив ҳужжатларини электрон шаклга ўтказиш, ахборот тизимларига киритиш ва архив маълумотномаларини давлат хизматлари марказлари ёки онлайн олиш имконияти кенгайди. Фуқаролар иш стажи, таълим олганлик ва бошқа ҳолатларни тасдиқловчи архив маълумотлари учун узоқ вақт идорама-идора юриши энди шарт эмас.
35. Тўловга қобилиятсизлик институти яратилди: 2026 йилда Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ташкил этилди. Янги тизим қарздор корхонани дарҳол тугатиш эмас, аввало унинг фаолиятини соғломлаштириш, иш ўринларини сақлаб қолиш ҳамда қарздор ва кредиторлар манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлайди.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова тайёрлади.