“Мустақиллик тўйи” давом этади
Каттақўрғон шаҳридаги Амир Темур маҳалласида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Республика маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари иштирокида ўтказилган учрашувда яқинда давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашувида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бугунги кунда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ўрганиши ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ҳамда улардан фойдаланиш тартиблари тушунтирилди. Шунингдек, учрашув давомида ёшларнинг муаммолари, таклиф ва ташаббуслари тингланди.
– Президентимизнинг шу йил 1 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида июль ойидан бошлаб вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” шиори остида “Мустақиллик тўйи” фестиваллари ўтказилмоқда, – дейди Республика маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Холбек Кўбаев. – Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ бу йил мазкур тадбирлар фақат учрашув ва маънавият тарғиботчиларининг чиқишларидан иборат бўлмаяпти, балки аҳолининг барча қатлами қамраб олинган ҳолда уларнинг ёши, иш фаолияти ва орзу-интилишларига мос тадбирлар, очиқ мулоқотлар, адабий-бадиий кечалар уюштирилмоқда. Хусусан, “Мустақиллик кинокарвони”, “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”, “Аёл қадри улуғланган юрт”, “Сўз”, “Мустақил Ўзбекистон – ғурурим, ифтихорим”, “Адабий дўстлик – абадий дўстлик”, “Янги Ўзбекистон таронаси”, “Бир Ватан – турли миллат оҳангида”, “Шарафли йўл”, “Мустақиллик соати” каби ўндан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар 460 га яқин маҳаллаларда “Мустақиллик тўйи” фестиваллари ўтказилди ва бу тадбирларда 45 минг нафарга яқин аҳоли вакиллари иштирок этди.

Яқинда республика ҳукуматининг Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва ўсиш суръатларини таъминлашга бағишланган йиғилишида Каттақўрғон ҳамда Булунғур туманларида “Мустақиллик тўйи” фестивали тадбирлари суст ташкил этилаётгани танқид қилинганди.
– Мазкур ҳолат икки туман масъуллари иштирокида муҳокама қилиниб, ҳокимлар томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида маҳаллаларда ташкил этилаётган тадбирларнинг қандай ўтаётгани, савиясига эътибор қаратилди, – дейди Х.Кўбаев. – Жумладан, Каттақўрғон туманида шу пайтгача 36 та маҳалла аҳолиси учун фестиваль тадбирлари ўтказилган ва сентябрь ойига қадар яна 33 та маҳаллада “Мустақиллик тўйи” ташкил этилиши керак. Масъулларга тадбирларни кенг аҳоли қатлами иштирокида, қизиқарли ва ёдда қоладиган даражада ўтказиш юзасидан топшириқлар берилди. Булунғур туманида ҳам шу вақтгача 24 маҳаллада тадбирлар ўтказилган ва дастур бўйича яна 25 маҳаллада “Мустақиллик тўйи” ташкил этилиши лозим. Ҳар бир маҳаллада тадбирларни ташкил этиш бўйича туман ташкилотлари раҳбарлари масъул этиб белгиланган. Масъулларга фестивални ўтказиш билан боғлиқ вазифалар, эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар эслатилди.


Бундан ташқари, айни пайтда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги кўчалар, боғ ва хиёбонлар, корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар бинолари байрамга муносиб тарзда безатилиб, тарғибот материаллари жойлаштирилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири